Ҳар бир буюк инсоннинг шаклланиши, камол топиши ва ҳаётда ўз ўрнини эгаллашида у яшаётган ижтимоий муҳитнинг ва оила аталмиш муқаддас қўрғоннинг ўрни ва аҳамияти беқиёс.
Бухоро вилояти Шофиркон тумани “Денов” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Аслон бобо ва Зайнаб ая Холмуродоваларнинг ибратли оиласи барчага ўрнак десак, муболаға бўлмайди. 14 фарзанднинг онаси, 9 келин ва 5 куёвнинг қайнонаси, 44 невара, 98 эвара, 10 чеваранинг бувижониси “Қаҳрамон она” ордени, “Шуҳрат” медали соҳибаси Зайнаб аянинг хонадони дийдор қувончи билан тўлиб-тошди.

Гап шундаки, 257 нафарга етган оила аъзолари Зайнаб опанинг 93 ёшга тўлиши муносабати билан бир дастурхон атрофида тўпланишди. Қувонарлиси, сулолага айланишга улгурган хонадон аъзоларининг ўз дурадгори, ошпази, тарбиячиси, муҳандиси, муаллими, зардўзи, каштачиси, чопондўзи, қисқаси, барча касб эгалари бор.

– Президентимизнинг хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб бораётган оқилона сиёсати асосида ички ишлар, прокуратура, адлия ва судлар билан олиб борилаётган ҳамкорлик ишлари, давлатимиз раҳбарининг қарор, фармонлари доирасида қабул қилинган бир қатор ҳукумат қарорларининг ижроси, Зайнаб бибидай оқила, фозила, қалби шукроналик билан тўлган онахонларимизнинг шахсий ибрати, ўгитлари, уларнинг “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиялари”, маҳалла хотин-қизлар фаоллари билан биргаликда оилавий низоларнинг олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатлари, қолаверса, эзгуликка йўғрилган дуолари туфайли туманимизда оилавий ажримлар, хотин-қизлар жиноятчилиги, тазйиқ ва зўравонлик туфайли жабрланган аёллар сони ўтган йилларга нисбатан бирмунча камайди, – деди давра туман ҳокими ўринбосари Т. Йўлдошева. – Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги бирмунча ошди. Эндиги вазифамиз хотин-қизлар билан тарғибот тадбирларини янада кучайтирган ҳолда улар қалбига ҳаётдан завқланиш, шукроналик ҳисларини сингдиришимиз керак. Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини йўлга қўйиб, ҳудудимизни ажримдан, жиноятчиликдан, тазйиқ ва зўравонликдан холи ҳудудга айлантиришимиз зарур.

– Ақлимни таниганимдан буён оиламизда моддий қийинчиликлар меҳнат ва фақат меҳнат билан бартараф этилганига гувоҳ бўлганман, – дейди аянинг катта невараси Азиза Холмуродова. – Бувижонимдан садоқатни, ҳалолликни, меҳнатсеварликни, ҳар бир ишга қалб қўри билан ёндашишни ўрганганман, Касбим ҳамшира, бувимдан ўрганганим зардўзлик сирлари оиламга қўшимча даромад манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

– Келин бўлиб тушганимга 19 йил бўлди, – дейди қайнонасидан чопондўзлик ҳунарини ўзлаштириб, бугун кекса онахоннинг хизматини қилиш билан бирга шу ҳунар орқали қўшимча даромад топаётган кенжатой келин Дурдона Ҳожиева. – Ойижоним иш буюрганларини эслолмайман. Аммо шахсий ибратлари орқали пазандаликни, саранжом-саришталикни, хушмуомалаликни, машаққатларни сабр-бардош билан енгишни ўрганганман.

Зайнаб бибидан каштачилик анъаналарини ўрганиб, 20 га яқин шогирдлар етиштирган Ойниса Холмуродова ҳам оилавий ҳаётда сабрнинг, қаноатнинг, шукроналикнинг ўрни беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлади.
– Бизнинг оиладаги қизлар онажонимнинг қатъий талабларига кўра, касб-ҳунарли бўлмасдан турмушга чиқмайди, – дейди момонинг қизи Ойниса Холмуродова. –Ўғиллар рўзғор тебрата олиш салоҳиятига эга бўлмасдан уйланмайди. Ўзлари ҳам 10 дан ортиқ ҳунарнинг устаси.
Шофиркон тумани ҳокимлиги оила ва хотин-қизлар бўлимининг “Аёл-меҳр, садоқат, тараққиёт тимсоли” деб номланган навбатдаги тадбирига таклиф қилинган Оқила аёллар ҳаракати етакчилари, “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик кенгаши аъзолари, маҳалла хотин-қизлари, қўни-қўшнилар, туман қишлоқ хўжалик бўлими масъуллари 35 йиллик илғор пиллачи, моҳир теримчи, меҳнат фахрийсининг ҳаёт йўли ҳақида унинг ўзи, келинларидан ибратли ҳикояларни тинглар экан, меҳнат инсонни улуғлайди, машаққатларни сабр-бардош билан енгиш керак, аҳилликда ҳикмат кўп деган хулосага келди. Инсонга бир мартагина бериладиган умрни беҳуда сарфламаслик керак.
Бугун Зайнаб биби хонадонида эришилган ютуқлар бунинг яққол исботи. Невараларнинг бувижонисига йўллаган мусиқий ва шеърий табриги тадбирга алоҳида шукуҳ бағишлади.
Давра суҳбати якунида туман ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Т .Йўлдошева томонидан маҳалла хотин-қизлари орасидаги намунали хулқи, ташаббускорлиги, жонкуярлиги, Она юртимиз тинчлиги, фаровонлиги ва ободлиги йўлида самарали меҳнат қилганлиги, Ватанимиз равнақи учун ҳисса қўшадиган фарзанд тарбиясидаги алоҳида хизматлари учун Зайнаб биби Холмуродовага туман ҳокимининг “Ташаккурнома”си ва эсдалик совғаларини топширди.
Зариф Комилов,
ЎзА