Меҳнат бозорида талаб юқори
Бухорода бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда вилоят бўйича корхона ва ташкилотлар, хусусий секторлар, олий таълим муассасалари ўзларида мавжуд бўш иш ўринлари билан қатнашди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳам иштирок этди.
Вилоят раҳбари бугунги кунда меҳнат бозорида талаб юқори бўлаётган касблар, мавжуд иш ўринлари, ёшларнинг қизиқишига сабаб бўлаётган касблар билан қизиқди. Ярмаркада бўш иш ўринларини таклиф этаётган йирик тадбиркорлик субъектлари мутасаддилари билан мулоқот қилди.
Бундай меҳнат ярмаркалари вилоятда ишсизликни бартараф қилиш, банд бўлмаган аҳолини, шу жумладан, мактаб, касб-ҳунар мактаблари ва олий таълим муассасалари битирувчиларини ҳамда хориждан қайтган меҳнат мигрантларини иш билан таъминлаш йўналишида муҳим қадам эканлигини эътироф этди. Шундан келиб чиқиб, бундай тадбирларни маҳалла, секторлар кесимида доимий ташкил этиб бориш бўйича масъулларга топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Ярмаркада 550 дан ортиқ корхоналар ўзининг 10 мингдан ортиқ вакант иш ўринлари билан иштирок этди.
Мазкур корхоналарни соҳалар кесимида таҳлил қилганда саноат соҳасидаги 1 213 та бўш иш ўринларига, қишлоқ хўжалигида 2 669 та, ижтимоий соҳадаги 1 347 та, қурилиш соҳасидаги 1 151 та, коммунал ва маиший хизмат соҳасидаги 127 та, иқтисод соҳасидаги 27 та ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларидаги 4 177 та мутахассислик ва касблар бўйича вакант иш ўринларига билимли, малакали ва тажрибали кадрлар таклиф этилди.
Шу билан бирга тадбиркорлигини бошлаш истагида бўлган 52 нафар фуқарога ўзини ўзи банд қилиши учун субсидия асосида Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағларлари ҳисобидан асбоб-ускуналар ва жиҳозлар ажратилди. Жумладан, 26 нафарига пишириқ печлари, 23 нафарига тикувчилик машинкалари, 2 нафарига мотокультиватор ҳамда 1 нафарига гўзаллик салони жиҳозлари топширилди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вилоят бўлими томонидан хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар қонуний меҳнат миграцияси талаблари тушунтирилди ва хориждаги иш ўринлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази томонидан ташкил этилаётган ўқув курслари ва у ерда касб-ҳунарга тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам тақдимот қилинди.
[gallery-18162]
– Бугун одамларни иш билан таъминлаш, бирор фаолият турига жалб этишнинг энг самарали йўли уларни касб-ҳунарга ўқитишдир, – деди вилоят ҳокими Ботир Зарипов. –Ёшлар, айниқса, ишсиз аҳоли қатламини бу тизимга жалб қилиш, келгусида олий таълимни давом эттиришидан қатъий назар, уларга ҳаётида асқатадиган бирор ҳунарни ўргатиш, эгаллаган касби бўйича бўш иш ўринлари яратиш бугун жуда муҳим.
Ботир Зарипов миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари тайёрлаётган уста-ҳунармандлар фаолиятини кенгайтириш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш орқали ҳам иш ўринлари кўпайтириш имкони борлигини қайд этди. Бу борада зарур вазифаларни белгилаб берди.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.