Мега кўприк нега хароб аҳволга келмоқда?
Навоий шаҳридаги Амир Темур ва Ғалаба шоҳ кўчалари чорраҳасида қурилган мега кўприкнинг фойдаланишга топширилганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. У 2020 йилнинг ёзида қурилганди. Қурилиш қиймати тахминан 16 миллиард сўм атрофида.
Ушбу кўприк йўл-транспорт ҳодисалари хавфини камайтириш ва тирбандликнинг олдини олиш мақсадида қурилган. Кўприк қурилиши ғайриоддий дизайн ечимга эга бўлиб, миллий услубда ишланган. Зинадан ташқари, пандуслар ва тўрт томонда 4 та лифт мавжуд.
Қисқа вақт ичида ушбу кўприк Навоий шаҳрининг “ташриф қоғози”га айланди, десак муболаға эмас.

Аммо гап кўприкнинг маҳобати-ю, унинг ўзгача кўринишида эмас. Бугунги кунда одамларимизнинг унга бўлган муносабатида, фойдаланиш маданияти ҳақида.
Тўрт йил унчалик кўп вақт эмас. Ўтган шу вақт ичида кўприк “поли”нинг аксарият қисми фойдаланишга яроқсиз аҳволга келиб қолган.

Кўприкнинг уст ва ён қисми ёғин-сочин ва қуёш нуридан ҳимоя мақсадида ёпилган. Бугунги кунда ён тарафдаги қисмлар гўёки “Севишганлар тахтаси”ю қидирув бурчагига айланган. Ёшлар ўз исмларини қисқартириб ёзиб қўйишибди, севишганлар, дўстга айланишганлар, бир-бирларини топиши учун манзил ҳам қолдиришган. Ҳаттоки лифтнинг ички томонига ҳам рангли воситалар ёрдамида исмларини ёзишганига нима дейсиз?!

Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, мазкур чорраҳада бир суткада 30 минг атрофида автотранспорт воситаси ҳамда 10-15 минг нафаргача пиёдалар ҳаракатланади.
[gallery-16010]
Тирбандликнинг олдини олиш мақсадида қурилган бу кўприк барчамизнинг мулкимиз. Шунинг учун унинг сақланиши, узоқ йиллар хизмат қилишини таъминлаш барчамизга тегишли эканлигини унутмайлик.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари