Эр ва хотин оилавий низо ва келишмовчиликлар туфайли ажрашиб кетган. Эр дарров уйланиб, хотин уч нафар фарзанди билан ижарада яшамоқда. Уй эрнинг номида, ҳужжатлар эса хотиннинг қўлида.
Ана шу аёл нотариал идорамизга маслаҳат сўраб келди. Мен ундан собиқ турмуш ўртоғининг рақамини олиб, уни ҳам идорага таклиф қилдим.
Уларга эр ва хотин никоҳлари давомида қурилган уй-жойга нисбатан ҳақдорликлари, фарзандларининг ҳуқуқи ҳақида батафсил тушунча бердим.
Эркак иш судга ўтса, барибир уй-жой бўлиниши, ажрашишган бўлсада, биринчи оиласининг ҳам бу уйда яшаш ҳуқуқи борлиги, фарзандлари учун алимент тўламаса, суд қарори билан мажбурий ижро органи ходимлари орқали барибир ундирилишини тушуниб етди.
Улар судлашмайдиган, эркак, собиқ хотинига уйнинг бозор нархидан келиб чиқиб, ҳақини чиқариб берадиган ва фарзандларига алимент тўлайдиган бўлди.
Албатта бу осон кечмади, аммо, уларга асил ҳолатни тушунтира олдим ва медиатор сифатида ўз вазифамни уддалай олдим, деб ўйлайман. Қувонарлиси, бу ишимдан ўзим қаноат ҳосил қилдим.
Шу ўринда, “Медиатор ўзи ким? Унинг вазифаси нималардан иборат? У ажрашган эр-хотин ўртасидаги низоларни муросага келтириш билан шуғулланадими?”, деган ўринли савлоллар туғилиши шубҳасиз.
Аввало, жорий йилдан бошлаб хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларга мулкий ва мерос масалаларида низоларни судгача ҳал қилиш – медиатор вазифасини бажариш вазифаси юклатилганини қайд этмоқчиман.
Шу ўринда, айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг жорий йил 2 майдаги буйруғига “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар” иловасининг 1-банди “медиатор вазифасини бажаради” қўшимчаси билан тўлдирилгани ҳам бежизга эмас.
Фуқаролар, эр ва хотин, оила аъзолари ўртасидаги можаролар кўпинча мулкий низолар кўринишида бўлади. Бу Ўзбекистон Республикасида медиацияни қўллаш доираси “Медиация тўғрисида”ги Қонун билан аниқ белгилаб қўйилган. Хусусан қонуннинг 3-моддасига кўра, қуйидагиларга нисбатан – фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ келиб чиқадиган ва якка меҳнат низоларига ҳамда оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиация тартиб-таомиллари қўлланилади.
Медиация низоларни ҳал қилишнинг бошқа усуллари, хусусан низоларни суд тартибида ҳал қилишдан ўзининг бир қатор афзалликлари билан ажралиб туради.
Биринчидан, низоларни медиация воситасида ҳал қилиш суд тартибига нисбатан анча қисқа муддатларда амалга оширилади.
“Медиация тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасида медиатор ва тарафлар медиация тартиб-таомили 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатда тугалланиши учун барча мумкин бўлган чораларни кўриши кераклиги, зарур бўлган тақдирда, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш муддати тарафларнинг ўзаро розилиги билан 30 кунгача узайтирилиши мумкинлиги белгиланган.
Иккинчидан, медиация тартиб-таомиллари қўлланилганда ишга тааллуқли барча маълумотлар мутлақо сир тутилади. Ўртадаги низо ва унга оид фактлардан фақатгина тарафлар ва уларнинг вакиллари ҳамда медиатор хабардор бўлиши мумкин ва уларга қонун билан бу ахборотларни ошкор қилмаслик мажбурияти юклатилади.
Махфийлик принципи айниқса оилавий низолар ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ муносабатлардан келиб чиқадиган низоларда муҳим аҳамиятга эга. Низони медиация усулида ҳал қилиш бундай салбий оқибатлардан ишончли ҳимоя бўлиб хизмат қилади.
Учинчидан, медиация воситасида ҳал қилинадиган низоларда ҳар иккала тараф учун ҳам мақбул келишувга эришилади ва юқоридаги ҳолат айнан мана шу медиация тартиб-тамойилларига мос келади.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан барча соҳаларда, шу жумладан бизнинг соҳамизда ҳам кенг қамровли ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилмоқда ва бунинг самарасида яқин йилларда сафимизни профессионал медиаторлар тўлдириши шубҳасизлигидан даолат бериб турибди.
“Медиация тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, медиаторнинг фаолияти профессионал яъни ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигитомонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, шунингдек, профессионал медиаторлар реестрига киритилган шахс ёки нопрофессионал асосда, яъни фаолиятини 25 ёшга тўлган ва медиатор вазифаларини бажаришга розилик берган шахс амалга ошириши мумкин.
Профессионал медиатор ўз вазифасини бекаму-кўст бажарса, фуқарога ҳам судга ҳам катта енгиллик бўлади ва бунга менинг ишончим комил.
Ойгул ЗОКИРОВА,
Янгиер шаҳрида хусусий амалиёт
билан шуғулланувчи нотариус