Бугунги рақамли технологиялар асрида ахборот тезкорлиги ва оммавийлиги жамиятнинг барча қатламлари, айниқса, ёшлар зиммасига катта масъулият юкламоқда. Ахборот манбаларининг кўпайиши ва улардан фойдаланиш имконияти кенгайгани билан бирга, қалбаки маълумотлар, яъни фейк янгиликлар тарқалиш хавфи ҳам ошиб бормоқда. Шу боис, медиасаводхонлик – замонавий инсониятнинг асосий билим ва кўникмаларидан бири сифатида долзарб аҳамият касб этмоқда.
Соддалик ва ишонувчанлик халқимизнинг хислати сифатида бағрикенглик ва меҳмондўстликни ифода этса-да, ахборот майдонида мазкур хислатлар эҳтиётсизликка олиб келиши мумкин. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда интернет ва ижтимоий тармоқлар улкан суръатлар билан ривожланмоқда. Смартфонлар ва бошқа мобил қурилмалар орқали ахборотга эга бўлиш анча осонлашган. Бу жараён ахборотни тезкор қабул қилиш имкониятини ошириши билан бирга, уни таҳлил қилиш, манбасини баҳолаш ва ишончлилигини аниқлаш кўникмасини талаб қилади.

Мазкур соҳадаги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ёшлар орасида босма нашрларга, хусусан, китоб ўқишга бўлган қизиқиш сезиларли даражада пасайган. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси маълумотларига кўра, 18-25 ёшли ёшлар орасида босма китобхонлик 2010 йилларга нисбатан икки баравар камайган. Бу эса танқидий фикрлаш, тил бойлигини ривожлантириш, ахборотни таҳлил қилиш ва мустаҳкам дунёқарашни шакллантиришда маълум бир муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Медиасаводхонлик даражасининг пастлиги фейк янгиликлар тарқалиши учун энг қулай муҳитдир. Хусусан, ижтимоий тармоқлар, айниқса, Telegram мессенжери орқали тарқалаётган хабарларнинг манбаси ва ишончлилигини текширмасдан уларни оммавий равишда тарқатиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти COVID-19 пандемияси даврида ахборот хуружини “инфодемия” деб атагани бежиз эмас. Чунки ноаниқ, тасдиқланмаган маълумотлар аҳоли орасида асоссиз хавотир ва ишончсизликни келтириб чиқарган. Айнан шундай вазиятлар бизнинг жамиятимизда ҳам кузатилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизнинг қатор олий таълим муассасаларида, жумладан, Қўқон университетида ҳам “Медиасаводхонлик ва ахборот маданияти” фанидан ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда. Университетнинг Рақамли технологиялар ва математика кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан барча таълим йўналишлари қамраб олинган ҳолда сифатли таълим жараёнлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, ота-оналарда ҳам медиасаводхонлик кўникмаси бўлиши зарур. Чунки бола интернетда қандай ахборот “истеъмол” қилаётганини англаш учун катталарнинг ўзи аввало ишончли манбани танлай билиши ва етарли кўникма ҳамда билимга эга бўлиши керак.
Ахборот оқими сония сайин ортиб бораётган бу глобал замонда медиасаводхонлик ҳар бир инсон, айниқса, ёшлар учун нафақат билим манбаи, балки ҳаётий эҳтиёж сифатида қаралиши лозим. Китоб ўқиш маданиятини янада ривожлантириш, ҳар қандай ахборотга танқидий ёндашишни одат қилиш, “бу хабар ростми?” деган саволни ҳар бир маълумот олдиндан бериш замонавий талабаларнинг кундалик одатига айланиши шарт. Фақат шундагина фейк янгиликлардан ҳимояланган, мустақил ахборотни саралай оладиган соғлом фикрли авлодни тарбиялашга эришамиз.
Аббосжон Сойибназаров,
Қўқон университети доценти.
ЎзА