Медиасаводхонлик нима учун муҳим?
Медиасаводхонлик нима учун керак? Нега биз бугунги кунда ахборотни саралаб истеъмолга қилишга мажбурмиз? Бизнинг ахборот олишга эҳтиёжимиздан ким қандай мақсадларда фойдаланмоқда? Ана шу каби саволларга Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги 29,56-, Бувайда туманидаги 13-мактабларда бўлиб ўтган “Ўсмир-ёшлар учун медиасаводхонлик дарслари”ида жавоб берилди.
Журналист Шарифа Мадраҳимова машғулотларни юқори синф ўқувчилари учун ташкил этди.
Ушбу машғулот мазмун-моҳияти ўсмир-ёшларнинг медиасаводхонлигини оширишга, ахборот асрининг замонавий техника ва технологияларидан унумли хамда самарали фойдаланишларига, ахборот майдонларининг турлари, баъзи ахборотнинг хатарли таъсиридан ҳимояланиш кўникмаларини шахсий тажрибада шакллантиришга қаратилган.
Уч соатлик машғулотларда медиа-тренер ўқувчи-ёшларга “Медиа нима”, “СПАМ ва унинг хатарлари” каби сессиялари, “Коммуникация” деб номланган интерактив машқ, “Мобил қурилмада сифатли суратга олишни ўрганамиз” номли амалий дарсларни ўтиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
– Медиалойиҳани февраль ойида онлайн ташкил этилган Эдьютон-2021 танловида халқаро ҳайъат аъзоларига тақдим этдим. У кўпчиликка маъқул келди ва ушбу лойиҳани татбиқ этишим учун менга стипендия ажратилди. Юртимизда кечаётган карантин вазияти сабабли лойиҳа барча вилоятларни қамраб ололмас эди. Лекин шунга қарамай Ўзбекистон бўйича жами 120 нафар тингловчини мазкур лойиҳага жалб этиш имкониятига эга бўлдик. Медиалойиҳани мен ва Тошкентда ҳамкасбим, халқаро миқёсдаги медиатренер Муҳайё Саидова олиб бордик. 120 нафар тингловчидан 60 нафари Фарғона вилоятидаги 3 та қишлоқ мактабидан, 60 нафари эса Тошкент шаҳридаги 3 та мактабдан танлаб олинди. Айни пайтда Тошкент ва Фарғонада лойиҳа бўйича ишлар қизғин кечмоқда, – дейди медиа-тренер Шарифа Мадраҳимова.
М. Сулаймонов, ЎзА