Медиалингвистика: назария ва амалиёт
Медиалингвистика бу – медиа соҳасидаги замонавий босма, аудиовизуал ва интернет тилини ўрганадиган фан соҳасидир. Тилшуносликдаги ушбу янги йўналиш остида медиаматнларни ўрганувчи турли соҳалар бирлаштирилди. Уларнинг барчаси лисоний ва медиавий хусусиятларнинг диалектик яхлитлигини ифодалайди.
Сўнгги йилларда медиалингвистикага бағишланган тадқиқотларнинг савияси ҳамда хусусиятлари жаҳон тилшунослигининг ҳолати ва эволюцияси даражаси билан белгиланади.
Тил ҳақидаги фаннинг турли соҳалар билан боғланиши унинг янгидан-янги хусусиятларини кашф этишда кенг имкониятларни очиб беради. Шунинг учун ОАВ тили бошқа соҳалар билан боғлиқликда ўрганилади. Тилни бундай тарзда тадқиқ этиш тамойили ОАВ тилининг ўзига хос табиатини чуқур англашга олиб келувчи янги истиқболларни очади.
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда “Ўзбекистонда хорижий тиллар” илмий-электрон журнал ва интернет портали ҳамкорлигида ўтказилган “Медиалингвистика: назарияси ва амалиёти” мавзусидаги халқаро миқёсдаги илмий-амалий онлайн конферецияда етакчи олимлар, тадқиқотчилар томонидан ОАВ матнларининг тили, услуби ва таҳрири соҳасидаги мавжуд муаммолар, медиалингвистиканинг истиқболи, фанни ўқитишда қўлланилаётган янги инновацион ва педагогик технологияларнинг ўрни ва аҳамияти каби мавзулар атрофлича муҳокама этилди.
Эътиборлиси, конференцияда Доғистон давлат университети доценти Гусейн Тикаев, Туркиянинг Отатурк университети профессори Ҳусайн Байдемир, “Америка овози” ўзбек бўлими бош муҳаррири Беҳзод Мамадиевлар ўз маъруза ва тақдимотлари билан иштирок этди. Улар ўз маърузаларида медиа тилининг ўзига хос жиҳатлари, ахборот тарқатиш билан боғлиқ фаолияти, медиаматнларнинг таъсирчанлигини ошириш йўллари хусусида тўхталиб ўтишди.
Ташкил этилаётган бу каби онлайн мулоқотлар мазкур соҳада илмий-тадқиқот олиб бораётган олимлар, бўлажак журналистларнинг билим ва тажрибаларини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Дилфуза ТЕШАБАЕВА,
Ўзбекистон давлат жаҳон
тиллари университети профессори
ЎзА