Меҳрли ва саховатли кишилар тақдирланди
Бугун вилоят ҳокимлигида ушбу мукофотларни тантанали топшириш маросими ўтказилди.
Президентимизнинг жорий йил 26 августдаги фармонига кўра, “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан мукофотланганлар орасида Самарқанд вилоятидан ҳам бир гуруҳ тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари бор.
Бугун вилоят ҳокимлигида ушбу мукофотларни тантанали топшириш маросими ўтказилди.
Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов бу йил жаҳон миқёсида кенг тарқалиб, глобал муаммога айланган коронавирус пандемияси даврида, эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда кўплаб соҳалар вакиллари юксак фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётганини таъкидлади.

Тадбиркорлар, саховатли кишилар кўмагида аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати қисқа фурсатда халқимиз бошини бириктириш, оғир вазиятда кўп оилаларга мадад беришнинг қулай ва самарали воситасига айланди. Ана шу ишларда фидойилик кўрсатган юртдошларимиз ва хорижлик фуқароларни эътироф этиш, рағбатлантириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 26 майдаги фармони билан “Меҳр-саховат” кўкрак нишони таъсис этилди.
Маросимда самарқандлик 33 нафар тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар ва саховатли кишиларга кўкрак нишонлари тантанали топширилди.

– Икки йил олдин “Хайрия ишлари” фондини ташкил қилган эдим, - дейди Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти иқтисод йўналиши магистранти Ширин Мирзаева. – У вақтда бундай оммавий хайрия тадбирлари йўқ эди. Қўлимиздан келганча эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиб келаётган эдик. Пандемия даврида кўмакка муҳтож оилалар сони ортди. Бор имкониятимизни ишга солиб кам таъминланган оилаларга, ёлғиз оналарга, боқувчисини йўқотган болаларга озиқ-овқат, кийим-кечак тарқатдик. Уйларини таъмирлаш ишларига ёрдамлашдик. Энг муҳими, оғир шароитда халқимизга нафимиз тегди, шундан хурсандмиз. “Меҳр ва саховат” кўкрак нишони билан тақдирлашганини кутмагандим. Бу бошлаган ишимизни янада ривожлантиришга ундайди.