Меҳнатидан ҳурмат топаётганлар
Буни Хатирчи туманидаги “Мамарасул бобо 22” фермер хўжалиги раҳбари Шакарбой Мамарасулов фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Сўнгги йилларда юртимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар бобо деҳқонларимиз ва фермерларимизнинг ерга эгалик ҳуқуқини мустаҳкамлади. Меҳнатидан ҳузур-ҳаловат топишига имконият яратди.
Буни Хатирчи туманидаги “Мамарасул бобо 22” фермер хўжалиги раҳбари Шакарбой Мамарасулов фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. 20 йилдирки, ер билан тиллашиб, халқимизнинг ризқи бутун бўлишига ҳисса қўшиб келаётган қаҳрамонимиз раҳбар бўлган фермер хўжалигида амалга оширилаётган ишларни кўриб, у нафақат жамиятимизнинг фаол ишчиси, балки фаровон ҳаётимизнинг бунёдкорларидан бири эканига амин бўлдик. 2019 йилнинг об-ҳавоси бироз ноқулай келганига қарамай, ҳам ғалла, ҳам пахтадан мўл ҳосил олган фермер, жорий йилги ғаллани экиб бўлгач, бор эътиборини чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик каби тармоқларни ривожлантиришга қаратди.
– 2019 йил фермер ва деҳқонлар учун яхши йил бўлди. Пахта ва ғалла тайёрлаш режаларини ошиғи билан бажардик. Ҳар гектар майдондан 60 центнердан ғалла олдик. Ўзимизнинг омборимизга ҳам 60 тонна ғалла тўкдик. Шундан 20 тоннадан зиёдини ишчиларимизга бердик. Ҳар гектардан 35 центнердан пахта етиштирдик. 90 тонна ўрнига 100 тонна 1 сорт пахта топширдик. Фермер хўжалигимиз уруғчиликка ихтисослашган, ғалла ва пахта режаларини ҳамиша 110-120 фоизга бажариб келаяпмиз. Ишчиларимиз ўз вақтида маошини олади. Уларнинг ўз томорқаларидаги ишлари ҳам бадастир. Фермер хўжалигидаги 20 йиллик меҳнатим Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан эътиборга олиниб, “Илғор фермер” кўкрак нишони билан тақдирландим, – дейди хўжалик раҳбари Шакарбой Мамарасулов.
Навоий вилоятида томорқасидан унумли фойдаланадиган, оиласи фаровонлиги, бозор тўкинлигига муносиб ҳисса қўшаётган юртдошларимиз кўпчиликни ташкил этади. Хусусан, Хатирчи туманида истиқомат қилаётган Қаҳрамон Ғоипов томорқасидаги 4 сотих ерда иссиқхона ташкил қилиб, полиз кўчатларини парваришламоқда. Томорқасидаги сара маҳсулотларни тез кунларда бозорга олиб чиқишга тараддудланаётган Қаҳрамон ака томорқа даромад манбаи эканини яхши билади. Ҳозир иссиқхонада помидор, булғор қалампири ва карам кўчатлари парваришланмоқда. Бундан ташқари, томорқада картошка, сабзи ва турли кўкатлар экилаётган бўлиб, оила аъзоларининг бандлиги ҳам таъминланган.
Бир сўз билан айтганда, туманда томорқа маданияти йилдан-йилга юксалиб, оилалар даромади ошмоқда. Ҳар икки хонадоннинг бирида иссиқхона ташкил этилган, кимдир кўчат етиштириш, яна кимдир гулчилик билан шуғулланиб, қўшимча даромадга эга бўлмоқда. Шу орқали, оиласи фаровонлигини таъминлашга интилмоқда. Натижада бозорларимизда йилнинг тўрт фаслида турли сабзавот ва мевалар муҳайё.
– Президентимизнинг қишлоқ аҳолисига қилаётган ғамхўрлиги туфайли кредит олиб, иссиқхоналар қурдик. Оиламиз билан кўчат етиштириб, элимиз дастурхонига етказиб бераяпмиз. Булғор қалампири, помидор, бодринг, бақлажон, шунингдек, карам кўчатини эртанги қилиб экканмиз, шу кунларда қўлма-қўл сотилмоқда. Энг асосийси, оиламиз, болаларимиз ишли. Меҳнатимиз орқали ҳукуматимиз назарига тушиб, “Намунали томорқачи“ кўкрак нишонига сазовор бўлдим, 50 фоизли солиқлардан озод этилдик, – дейди томорқа эгаси.
Қаҳрамон Ғоипов хонадонида бўлиб, томорқадан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишган Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ишчи гуруҳи вилоятнинг барча туманларида қишлоқ хўжалиги экинларини ҳудудларнинг иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда жойлаштириш бўйича тизимли равишда иш олиб бормоқда.
Жаҳонгир ГАЛАЕВ,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари
ва томорқа ер эгалари кенгаши етакчи мутахассиси