Меҳнатдан бахт топаётган ёшлар
Ўтган йили Яккасарой енгил саноат касб-ҳунар коллежини битирган Гулноза Нишонова ўз мутахассислиги бўйича “Zeta Тeks” масъулияти чекланган жамиятига ишга жойлашди.
Ўтган йили Яккасарой енгил саноат касб-ҳунар коллежини битирган Гулноза Нишонова ўз мутахассислиги бўйича “Zeta Тeks” масъулияти чекланган жамиятига ишга жойлашди. У ўқиш давомида амалиётни шу корхонада ўтагани боис ишни осон ўзлаштирди. Айни пайтда у энг фаол ишчилардан.– Биринчи маошимга ота-онам учун совғалар олдим, – дейди Гулноза. – Онамнинг қилган дуолари менга куч берди. Қисқа вақтда ўз ишимнинг сирларини ўрганишга ҳаракат қилиб, жамиятимиз равнақига ҳисса қўшиб келаётганимдан мамнунман.
Оилалардаги фаровонлик, юртдошларимизнинг ҳаётга бўлган муносабати ва жамиятимиз барқарорлиги аввало аҳоли, жумладан, ёшлар бандлиги таъминлангани, ҳар ким ўз меҳнатига яраша рағбат олаётганига боғлиқ. Мамлакатимизда ишлаб чиқариш салоҳияти ортиб, кўплаб янги иш ўринлари яратилаётгани ёшларни иш билан таъминлаш имконини бермоқда.
Яккасарой енгил саноат касб-ҳунар коллежида ёшлар тикув ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш технологияси, кенг ассортиментдаги кийимларни лойиҳалаш ва моделлаштириш каби йўналишларда таҳсил олади.
– 2013-2014 ўқув йилида коллежимизни 279 ёш мутахассис битирди, улардан 203 нафари ишга жойлашди, – дейди мазкур билим маскани директорининг ўринбосари Наргиза Абдуқодирова. – Бугун таълим ва амалиётнинг узвий олиб борилаётгани замонавий билим ва ишлаб чиқариш кўникмасига эга ёш мутахассислар сафи кенгайишига хизмат қилмоқда.
Ушбу коллежда еттита ишлаб чиқариш устахонаси мавжуд бўлиб, уч хилдаги тикув машиналари билан жиҳозланган. Бу ўқувчиларнинг дарс жараёнида ишлаб чиқариш кўникмасини эгаллашига кўмаклашмоқда.
Муассаса “Zeta Тeks”, “Alkim Тekstil”, “Konteks Tashkent”, “Шарқ либослари” дизайн маркази каби корхона ва ташкилотлар билан шартнома имзолаган. Иккинчи-учинчи босқич ўқувчилари ишлаб чиқариш амалиётини ана шу корхоналарда ўтамоқда. Тузилган уч томонлама шартномаларга мувофиқ ёшларнинг иш билан таъминланиши назоратга олинган.
Корхоналар эшиги ёшлар учун доимо очиқлиги ҳам корхона, ҳам коллеж, ҳам ўқувчи учун фойдали. Асосан болалар кийимлари тикиладиган “Zeta Тeks” корхонасида айни кунда қирқ бешга яқин ёш меҳнат қилмоқда.
– Ходимларимиз асосан қизлардан иборат, – дейди корхона ишчиси Зебо Норова. – Касб-ҳунар коллежини битириб ишга келаётган қизларнинг билим ва маҳорати ишлаб чиқариш суръати ва сифатини оширишга хизмат қилаётир.