Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 97-моддасида меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қуйидаги умумий асослари назарда тутилган:
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 97-моддасида меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қуйидаги умумий асослари назарда тутилган:
1) тарафларнинг келишувига кўра. Ушбу асосга биноан меҳнат шартномасининг барча турлари исталган вақтда бекор қилиниши мумкин;
2) тарафлардан бирининг ташаббуси билан;
3) муддатнинг тугаши билан;
4) тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра;
5) меҳнат шартномасида назарда тутилган асосларга кўра.
6) янги муддатга сайланмаганлиги (танлов бўйича ўтмаганлиги) ёхуд сайланишда (танловда) қатнашишни рад этганлиги муносабати билан.
Шунингдек, юқоридаги асослардан ташқари кодекснинг айрим моддалари мазмунида ҳам меҳнатга оид муносабатлар бекор қилиниши мумкин бўлган бошқа ҳолатлар ҳам мавжуд.
Меҳнат кодексининг 87-моддасига мувофиқ ва унга асосланган ҳолда дастлабки синов натижалари бўйича меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин.
Шунингдек, ходим янги меҳнат шартлари асосида ишлашни рад этган тақдирда меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 89-моддасига асосланган ҳолда ва унда назарда тутилган тартибда бекор қилиниши мумкин.
Меҳнат кодексининг 97-моддаси 1-бандида меҳнат шартномасининг ҳар қандай турини тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиш мумкинлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли қарорининг 14-бандига кўра судлар тарафлар келишувига кўра (МК 97-моддаси 1-банди) меҳнат шартномаларининг барча турларини ва уларнинг ҳар қандай вақтда бекор қилиниши мумкинлигини эътиборга олишлари керак.
Меҳнат шартномасини МК 97-моддасининг 1-бандига биноан бекор қилиш билан боғлиқ низоларни кўришда ходим билан иш берувчи ўртасида ҳақиқатдан меҳнат муносабатларини бекор қилишга келишув бўлган-бўлмаганини аниқламоқ зарур. Ушбу асосга кўра, тарафлар белгилаган муддатда шартнома бекор қилинади.
МК 97-моддаси 1-банди бўйича меҳнат шартномасини тугатиш ҳақидаги келишувни бекор қилишга, шу асосга кўра меҳнат муносабатларини тугатиш санасини ўзгартиришга ходим ва иш берувчининг келишуви бўйича йўл қўйилади.
ҚАЙСИ ҲОЛАТЛАРДА МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИНИ ТАРАФЛАР КЕЛИШУВИГА КЎРА
БЕКОР ҚИЛИШ МУМКИН ЭМАС?
Қонунчилик меҳнат шартномасини унинг тарафлари хоҳиши ва келишувига кўра, шу жумладан, ходимнинг ташаббуси билан ҳам бекор қилинишини чекловчи ҳолатларни назарда тутади.
1) Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 2005 йил 7 июлдаги 58, 154-1, 19 ва 02/2658-сонли қарори билан тасдиқланган “Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 23-бандида битирувчи уч йил мажбурий ишлагандан сўнг шу иш берувчида ишни давом эттириш масаласи иш берувчи ва ходимнинг ўзаро келишувига мувофиқ меҳнат қонунчилиги асосида ҳал этилиши белгилаб қўйилган.
Агар битирувчи узрсиз сабабларга кўра тақсимланган жойда ишлашни хоҳламаса, унга нисбатан амалдаги қонунчилик асосида чоралар кўрилади.
Демак, бундан кўринадики битирувчи уч йил мажбурий ишлаб бермагунча тарафлар келишувига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилмайди.
2) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2017 йил 27 июлдаги 157-сон “Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш тариқасидаги жазоларнинг ижросини ташкил этиш ҳамда шартли ҳукм қилинган шахслар устидан назоратни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғининг 23-бандида жазоларни ижро этиш инспекцияси белгилайдиган жойларда жазони ўташ муддати мобайнида жазоларни ижро этиш инспекциясининг ёзма рухсатисиз меҳнат шартномасини маҳкумнинг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланиши белгиланган.
3) Муқобил хизматни ўтаётган фуқароларга ҳам меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари татбиқ этилади. Муқобил хизматни ўтаётган фуқаро уни белгиланган жойда ўташи, қонун ҳужжатларида назарда тутилган талабларга, иш жойида амал қиладиган ички меҳнат тартиби қоидаларига, шунингдек меҳнат шартномаси шартларига риоя этиши шарт. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 мартдаги 128-сон қарори билан тасдиқланган “Муқобил хизматни ташкил этиш ва Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг уни ўташи тартиби тўғрисида”ги Низомда иш берувчилар муқобил хизмат қилиш учун келган хизматчилар билан меҳнат шартномаси тузишга мажбурлиги белгиланган. Муқобил хизмат хизматчиларини бўшатиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида амалга оширилади.
КЕЛИШУВ ҚАНДАЙ РАСМИЙЛАШТИРИЛАДИ?
Тарафларнинг келишувига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш қандай расмийлаштирилади ва бу ҳолда ходим ариза ёзиши шартми деган саволлар юзага келади. Амалдаги меҳнат кодексида юқоридаги асосга кўра меҳнат шартномасини бекор қилишни расмийлаштириш тартиби келтирилмаган. Лекин умумий қоидалардан келиб чиққан ҳолатда расмийлаштириш тартибини тушунтиришга ҳаракат қиламиз.
Ушбу ҳолатда ходим ариза ёзиши шарт эмас. Агар ходим ариза ёзган тақдирда, меҳнат шартномасини тарафлар келишувига кўра бекор қилинишини сўраши мақсадга мувофиқ. Акс ҳолда, бундай ҳаракатлар иш берувчи билан меҳнат муносабатлари ходимнинг ташаббусига кўра, яъни МКнинг 99-моддаси бўйича бекор қилинган деб тан олиниши мумкин.
Қуйида тарафларнинг келишувига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги келишувнинг намунавий шаклини эътиборингизга ҳавола этамиз.
20.02.2018 йилдаги 20-сон меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида
КЕЛИШУВ
|
2019 йил “25” февраль |
35-сон |
Тошкент шаҳри. |
“Ишонч ”масъулияти чекланган жамияти, устав асосида фаолият юритувчи директор ____________________________________ (Ф.И.Ш.) тимсолида, бундан буён Иш берувчи деб номланади,, бир томондан, _______________ лавозимини эгалловчи фуқаро (Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги бўлмаган шахс ҳам бўлиши мумкин) _____________________ (Ф.И.Ш.), бундан буён Ходим деб номланади (биргаликда Тарафлар деб номланади) қуйидагилар тўғрисида меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида ушбу келишувни туздилар.
Тарафлар Меҳнат кодексининг 97-моддаси 1-бандига мувофиқ (тарафларнинг келишувига кўра) Ходим билан Иш берувчи ўртасида тузилган 20.02.2018 йилдаги 20-сон меҳнат шартномасини 2019 йил 25 февралда бекор қилишга келишдилар.
Меҳнат шартномаси бекор қилинган кун - 2019 йил 25 февраль ходимнинг охирги иш куни ҳисобланади.
Охирги иш кунида Иш берувчи Ходимга расмийлаштирилган меҳнат дафтарчаси ва буйруқнинг нусхасини бериш, шартнома бекор қилинган кунда у билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилиш ва ______ иш кунлари ҳисобидан фойдаланилмаган таътиллар учун пулли компенсация тўлаш мажбуриятини олади.
Тарафларнинг бир-бирига нисбатан даъвоси йўқ.
Ушбу келишув бир хил юридик кучга эга бўлган икки нусхада, ҳар бир тараф учун биттадан тузилган.
|
Ташкилот раҳбари |
_____________ (имзо, муҳр) |
_______________ (Ф.И.Ш..) |
|
Ходим |
_____________ (имзо) |
_______________ (Ф.И.Ш..) |
Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт.
Қуйида тарафларнинг келишувига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқдан намунани эътиборингизга ҳавола этамиз.
Б У Й Р У Қ
Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида
|
2019 й. “25” февраль |
40-сон |
Тошкент шаҳри |
1. Ходим (Ф.И.Ш.) – билан тузилган меҳнат шартномаси 2019 йил 25 февралдан бошлаб тарафларнинг келишувига кўра бекор қилинсин.
2. Бош бухгалтер (Ф.И.Ш.) тегишли тўловларни амалга оширсин.
Асос: ЎзР МКнинг 97-моддаси 1-банди.
|
Ташкилот раҳбари |
_____________ (имзо, муҳр) |
_______________ (Ф.И.Ш..) |
Меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги тарафларнинг келишувида корхонанинг иқтисодий имкониятларини ҳисобга олган ҳолда бошқа қўшимча имтиёзлар ва компенсациялар қайд этилиши мумкин.
КЕЛИШУВНИНГ АФЗАЛ ТОМОНЛАРИ НИМАДА?
Бу усул меҳнат шартномасини бекор қилишнинг энг мақбул ва тинч усулларидан бири. Чунки, ушбу асосга биноан меҳнат шартномасининг барча турлари исталган вақтда бекор қилиниши мумкин.
Меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш анча мураккаб ва чалкаш жараён ҳамда муддат талаб этади. Масалан, қонунда белгиланган ёки ходим ва иш берувчи келишувига кўра қисқартирилган огоҳлантириш муддати давомида ходим меҳнат шартномаси тугатилганлиги ҳақида буйруқ чиқарилган бўлишидан қатъи назар аризасини қайтариб олишга ҳақли. Ходимнинг ўрнига бошқасини таклиф этилганлиги унга аризасини қайтариб олишни рад қилишга асос бўлмайди, чунки иш берувчи фақат аввалги ходим ўртасидаги меҳнат шартномасини бекор қилганидан кейингина, бу ишга бошқа ходимни таклиф қилишга ҳақли.
Келишувда эса муддатлар фақатгина иш берувчи ва ходимнинг ўзаро розилиги билан белгиланади. Бу муддат бир неча кун ёки ой ҳам бўлиши мумкин.
Шунингдек, меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш оқибатида низо келиб чиқса, иш берувчи ўз позициясини етарлича ҳимоя қила олмаслиги мумкин. Агар ходим мен аризани иш берувчининг қистови натижасида берганман деган даъво билан чиққан тақдирда, меҳнат шартномасини бекор қилинишининг асослилигини исботлаб бериш мажбурияти иш берувчига юклатилишини эсдан чиқармаслик лозим.
Бундан ташқари меҳнат шартномасини келишувга кўра бекор қилиш ходим учун ҳам манфаатли. Буни қуйидагича асослаймиз. Меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари меҳнат дафтарчасига ёзилмайди. Лекин иш берувчининг буйруғида меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари ёзилади. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, гарчи бу меҳнат қонунчилигига зид бўлса-да, иш берувчилар аввал бошқа жойда ишлаган ходимни ишга қабул қилаётганда, ходимдан аввалги ишидан қайси асосларга кўра бўшаганини аниқлаш мақсадида, меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини сўрамоқдалар. Масалан, ходим ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинди (Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисм 4-банди). Бу эса ўз навбатида ходимни янги иш топишини қийинлаштиради. Шунинг учун ҳам агар ходим иш берувчи билан келишиб, тарафларнинг келишувига кўра меҳнат шартномасини бекор қилса, янги иш топишида муаммолар юзага келмайди. Ўз навбатида иш берувчи ҳам интизомий жазо қўлланилиши билан боғлиқ ортиқча қоғозбозлик ва расмиятчиликдан халос бўлади.
Тошкент давлат юридик университети
Меҳнат ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси