Меҳмонхонада 150 киши ишли бўлди
Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, бетакрор Бухоро улкан салоҳиятга эга туризм чорраҳасига айланиб бормоқда.
Бухоро шаҳрининг марказида 20 йил давомида ташландиқ ҳолга келиб қолган собиқ “Зарафшон” меҳмонхонаси баҳорнинг илк кунларида маҳаллий тадбиркорнинг хорижий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширган инвестиция лойиҳаси асосида замонавий ва кўркам қиёфага кирди.
“Саҳид Зарафшон” номидаги меҳмонхонанинг очилиш маросимида жамоатчилик вакиллари, тадбиркорлар, хорижий меҳмонлар, сайёҳлик фирмалари раҳбарлари, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Таъкидланишича, мамлакатимизда туризмни жадал ривожлантиришга қаратилган оқилона ислоҳотлар натижасида юртимиз, жумладан, Бухорога келаётган сайёҳлар сони йилдан-йилга кўпаймоқда. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, бетакрор Бухоро улкан салоҳиятга эга туризм чорраҳасига айланиб бормоқда.
Биргина 2019 йилда вилоятга ташриф буюрган сайёҳлар сони 3,6 миллион кишини ташкил этган. Шундан 600 мингдан зиёди хорижий туристлардир. Айни пайтгача вилоятда катта-кичик ҳажмдаги 346 та меҳмонхона негизида 8 мингдан зиёд кишини қабул қилиш қуввати яратилди. 2018-2019 йилларда жами 4 мингдан зиёд меҳмон қабул қилиш имкониятига эга 225 та янги меҳмонхона ва жойлаштириш воситалари қуриб битказилди. Бу соҳада 3 мингга яқин муқим иш ўрни яратилди.
“Саҳид Зарафшон” меҳмонхонаси илғор менежмент бошқарувини йўлга қўйиш бўйича Индонезиянинг халқаро миқёсда танилган “Саҳид” компанияси билан ҳамкорликда бунёд этилди.
Мазкур йирик меҳмонхонада меҳмонхона хизмати билан бир вақтда, 3 та йирик конференция заллари, қишки боғ, ресторанлар, кўргазмалар биноси, очиқ ва ёпиқ бассейн каби қўшимча объектлар фаолият кўрсатади. Меҳмонхонада 150 нафардан зиёд бухоролик ёшлар ишли бўлди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов қатнашди.