Мажбурий обуна ташкил этиш ва мажбурий меҳнатда айбланган ҳоким ўринбосари судда ютиб чиқди
Меҳнат инспекцияси эса бундан норози...
МЕҲНАТ ИНСПЕКЦИЯСИ ЭСА БУНДАН НОРОЗИ...
Жорий йилнинг 5 июнь куни Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтида Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Бахтиёр Мамадалиев ўқитувчиларни мажбурий обуна ва меҳнатга жалб қилгани учун 15 миллион 610 минг сўм жаримага тортилгани ҳақида хабар эълон қилинди.
Вазирлик ахборотида бу иш Халқ таълими вазири Назорат-ҳуқуқий хизмати ҳамда Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси ҳамкорлигида амалга оширилгани қайд этилган.
Хабарнинг қисқача тафсилотига тўхталсак: ҳоким ўринбосари мактаб директорларига январь ойида газета ва журналларга обуна бўлиш ҳақида топшириқ берган, мактаб микроҳудудидаги маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи кам таъминланган аҳолини хатловдан ўтказишда ўқитувчилардан ёрдам сўраган. 28 май куни эса эрталаб соат 6:45 да ёшлар етакчиси ва яна бир нафар ходим билан бирга тумандаги барча мактаб директорлари ва 80 нафардан ортиқ ўқитувчини ўт юлиш ва ерни чопиқ қилиш, юмшатиш кўринишидаги мажбурий меҳнатга жалб қилган.
Мазкур хабарлар тарқалгач, ҳоким ўринбосари Б.Мамадалиев ўзига нисбатан чиқарилган қарордан норози бўлиб, судга мурожаат қилган. ЎзА мухбири бўлиб ўтган воқеани атрофлича ўрганиб чиқиш мақсадида ҳодиса иштирокчилари билан боғланди.
– Мени кўпроқ интернет тармоқларида тарқалган хабарлар ташвишга солди, – дейди Бахтиёр Мамадалиев. – Чунки менга тааллуқли хабар чиқиши билан бундан яқинларим хавотирга тушиб, бу ҳақда суриштира бошлашди. Мен эса ўша дақиқаларда шунчаки айбсиз айбдор эдим. Жарима тўлашдан кўра, айнан мана шу нарса мени судга мурожаат қилишга мажбур қилди.
Аслида нима бўлган эди? Ҳали анча ёш (29 ёш), тайинланганига эндигина бир йил бўлган ҳоким ўринбосари наҳотки ўқитувчиларни турли ишларга мажбурлашга қодир зўравонга айланган бўлса?
Зангиота тумани маъмурий судида бўлиб ўтган суд мажлисида Б.Мамадалиев ҳуқуқбузарлик фактларини инкор қилиб, ўзига қарши қарор далилларсиз, шошма-шошарлик билан, бир томонлама қабул қилинганини, ҳеч кимни обуна бўлишга ва кам таъминланган аҳолини хатловдан ўтказишга мажбурламаганини ҳамда мажбурий меҳнатга жалб қилмаганини маълум қилди.
Б.Мамадалиев Тошкент вилояти ҳокимининг 2019 йил 21 ноябрдаги «Вилоятдаги корхона ва ташкилотлар, хўжалик юритувчи субъектлар, меҳнат жамоаларида маънавий-маърифий муҳит барқарорлигини сақлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши ва Зангиота тумани ҳокимининг 2019 йил 22 ноябрдаги «Тошкент вилояти ҳокимининг 2019 йил 21 ноябрдаги 672-Ф-сонли фармойиши тўғрисида»ги 376-Ф-сонли фармойиши билан «Бир жамоага бир газета» ижтимоий акцияси эълон қилингани, шу муносабат билан 2020 йил учун газета ва журналларга обуна ташкил этиш бўйича тарғибот ишлари билан шуғулланганини таъкидлади.
Кам таъминланган аҳолини хатловдан ўтказиш бўйича эса туман халқ таълими мудиридан амалий ёрдам кўрсатишни сўраган. Б.Мамадалиевнинг таъкидлашича, бундан мақсад шу йўналишда ижтимоий адолат таъминланишига эришиш бўлган. Чунки ўқитувчилар жамиятнинг зиёли қатлами бўлиши билан бирга, вазиятни аниқлаш, ҳақиқий муҳтож одамларнинг рўйхатга киришида жамоат назорати ўрната олади. Шундай ишонч билан ўқитувчилардан ёрдам сўралгани учун ҳам улар бу ишни беминнат амалга оширган. Қолаверса, карантин пайтида ҳақиқатан кам таъминланган ёки муҳтож шахсларнинг эътибордан четда қолмаслиги давлат сиёсати даражасидаги иш бўлган.
Судда гувоҳ тариқасида сўралган Зангиота тумани халқ таълими бўлими мудири вазифасини бажарувчи А.Раҳматуллаев Зангиота тумани ҳокими ўринбосари Б.Мамадалиев қўнғироқ қилиб, 2020 йил 28 май куни ходимларни йиғиш кераклигини, мактабларни таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари ҳақида гаплашиб олиш кераклигини айтганини, лекин йиғилиш бўлмаганини маълум қилди.
Обуна ишлари эса ихтиёрий равишда амалга оширилгани, мактаб микроҳудудида яшовчи кам таъминланган аҳолини хатловдан ўтказиш ва ҳисоботларни ҳокимиятга топшириш тўғрисида ёрдам сўралгани, буни тўғри тушунган ҳолда бу масалада ёрдам берилгани, ҳеч кимни мажбурий меҳнатга жалб этмаганини баён қилди.
Судда гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган 19-мактаб директори М.Телефова мактаб ҳудудини ободонлаштириш ишларига эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида кўрсатма бўлгани, 28 май куни шу мақсадда ишга боргани, лекин ишламасдан қайтиб келгани, уларни ҳеч ким ишлашга мажбурламаганини баён этди.
Судда гувоҳ тариқаси сўроқ қилинган 1-мактаб директори Б.Аҳмедов, 2-мактаб директори Х.Жалолова, 3-мактаб директори Ш.Худоёров ва бошқалар М.Телефованинг кўрсатмаларини тасдиқлаб, шунга ўхшаш кўрсатма бериб, мажбурий меҳнатга жалб қилинмаганликларини баён қилди.
Суд ўз қарорида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси 1-бандида маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси ёки аломати йўқ бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмаслиги, бошланган иш эса тугатилиши лозимлиги кўрсатилганини қайд этди.
Зангиота тумани маъмурий суди судьяси А.Абдураззоқов туман ҳокими ўринбосари Б.Мамадалиевнинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари ўз тасдиғини топмаганлигини эътиборга олиб, Тошкент вилояти меҳнат инспекцияси бошлиғининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Ў.Турсунбоевнинг 2020 йил 3 июндаги Б.Мамадалиевга МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 баравари, 15 миллион 610 минг сўм жарима солиш тўғрисидаги 03/52-сонли қарорини бекор қилиш ва унга нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни МЖтКнинг 271-моддаси 1-бандига асосан тугатишни лозим, деб топди.
Судда даъвогар сифатида иштирок этган иккинчи тараф вакили – Тошкент вилояти меҳнат инспекцияси бошлиғининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Ўткир Турсунбоев билан боғланиб, суднинг қарори юзасидан уларнинг фикрини сўрадик.
– Мажбурий меҳнат билан боғлиқ бу иш бизга Халқ таълими вазири Назорат-ҳуқуқий хизмати томонидан барча ҳужжатлар жамланган ҳолда тақдим этилди, – дейди Ў.Турсунбоев. – Вазирликнинг амалий чора кўриш бўйича ваколати бўлмагани учун ҳам улар шундай йўл тутган. Мазкур хизмат томонидан тўпланган барча далилларни биз мустақил равишда текшириб, гувоҳларнинг фикрларини олиб, ҳақиқатан мажбурий меҳнат ҳолатига йўл қўйилганига ишонч ҳосил қилганимиздан сўнг Зангиота тумани ҳокими ўринбосарига жарима жазоси қўллаганмиз.
Аммо суд мажлисида мансабдор шахснинг ўзи ҳам бевосита иштирок этгани учун ҳам айрим гувоҳлар аввалги кўрсатмаларини ўзгартирди. Инобатга олиниши керак бўлган, рад қилиб бўлмайдиган фактларимиз бор. Шунинг учун ҳам биз бу иш бўйича протест келтирилиши учун прокуратурага мурожаат қилдик. Иш кассация инстанциясида кўриб чиқилиши учун ҳам ариза топширилди.
Демак, иш ҳали якунига етмаган, суд жараёнлари яна давом этиши кутилмоқда. Қизиқ, ким ҳақу, ким ноҳақ? Буни тез орада билиб оламиз.
Демак, иш ҳали якунига етмаган, суд жараёнлари яна давом этиши кутилмоқда. Қизиқ, ким ҳақу, ким ноҳақ? Буни тез орада билиб оламиз.
ЎзА воқеалар ривожини кузатиб боради.