Мамлакатимизда спортнинг оммавийлигини таъминлаш, аҳоли, хусусан давлат хизматчилари ўртасида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси ҳамда унинг шаҳар, туманлар бўлимларида ишчи-ходимлар ҳафтада икки бор ўзлари қизиққан спорт турлари билан шуғулланмоқда. Айниқса, бюро органлари ходимлари ўртасида турли мусобақалар ўтказиб турилиши анъана тусини олган.

Ана шундай турнирлардан бири МИБ ташкил этилганининг саккиз йиллиги муносабати билан вилоят спорт бошқармаси ва вилоят футбол ассоциацияси ҳамкорлигида уюштирилиб, унда бюронинг вилоят бошқармаси, шаҳар ва туманлар бўлимларининг ҳаваскор футбол жамоалари майдонга тушди.

Давлатобод туманидаги футбол академиясига қарашли замонавий сунъий майдонларда бўлган баҳслар муросасиз ва ҳаяжонли кечди. Ҳал қилувчи финалда “Бошқарма-1” ва Косонсой тумани бўлими жамоалари ўзаро куч синашди. Шиддаткорлик тус олган беллашувда бошқарма жамоаси зафар қучиб, мусобақа ғолиблигини қўлга киритди. Косонсой ва Уйчи туманлари жамоалари ҳам совриндорлар қаторига киришди.

Турнирнинг тантанали тақдирлаш маросимида ғолиблар ҳамда “Энг яхши дарбозабон”, “Энг яхши ҳимоячи”, “Энг яхши ҳужумчи” каби номинациялар соҳиблари кубок, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА