Майданак кенгликларига экстремал саёҳат
Саёҳат манзиллари
Бобокалонимиз Мирзо Улуғбек бундан неча асрлар олдин астрономия илмига улкан ҳисса қўшиб, махсус расадхона қурдириб, 1018 та юлдузнинг жойлашув ўрнини аниқлаб соҳага оламшумул янгиликларни киритган эди. Аждодларимизнинг астрономия соҳасидаги саъй-ҳаракатлари эвазигами ёки бошқа бир сабабларга кўрами Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Майданак қишлоғи кенгликларида жаҳонда саноқли бўлган осмон илмини ўрганадиган расадхоналардан бири Майданак обсерваторияси қурилган.
Бу галги саёҳатимизни ушбу манзилга йўналтирдик. Тоғнинг энг юқори нуқталаридан бирида жойлашган обсерваторияга борадиган йўл анчагина машаққатли экан. Тоғ йўлларида юриш ҳар доимгидек қийин бўлди. Тобора юқорилаб борар эканмиз иссиқ ҳаво ўрнини тоғнинг салқин ҳавоси эгаллайди. Босим кучайган сайин қулоқлар битиб, ютинганда очилади. Пастликларда буғдойлар аллақачон бошоқлаб қолган бир пайтда у ерда эса эндигина майсалай бошлаган. Қалин қор эриши оқибатида ҳосил бўлган жилғалар тоғ йўлларини ўпириб ташлаган. Машина юришга қийналади. Йўлда давом этарканмиз икки томонимиз қалин арчазор. Борлиқ тоғ арчаларининг ҳидига тўлган. Йўл ёқасидаги жилғалардан жилдираган сув оқиб турибди.
Ниҳоят олисдаги тоғ тепаликларидан белбоғли сайёра шаклидаги обсерватория объектлари кўринди. Кўтарилган сайин осмон тиниқлашиб боради. Бежизга айни шу ҳудудда обсерватория қурилмаганига амин бўласан. Етиб борганимизда бизни обсерваториянинг хўжалик мудири Маҳмудали Янгибоев кутиб олди. Шу ерда ўттиз йилдан буён ишлаётган Маҳдумали ака салкам тадқиқотчига айланиб қолган. У иншоотнинг қурилишидан тортиб бугунги кунгача бўлган тарихи ҳақида билганларини сўзлаб берди.
Таъкидланишича, давлатимиз мустақилликка эришгач кўп олимлар обсерваториядан кетиб қолган ва бир пайтлар дунёга машҳур катта олимлар макон тутган маскан ҳувуллаб қолган. Кейинчалик биринчи президентимиз ташаббуси билан обсерватория яна қайта тикланиб, маҳаллий мутахассислар чет элларда ўқитилиб ишга жалб қилинган. Ҳозирда хорижий мутахассис ва академиялар билан ўзаро алоқалар тикланган. Бош телескоп жойлашган бинонинг олдига келдик. Атроф кафтдек кўринади. Тоғнинг соя томонларида ҳали эриб улгурмаган қорлар бор. Кузатувчиларнинг ҳаммаси уйқуда экан. Боиси одатда улар кечаси ишлар ва кундузи дам олар экан. Ниҳоят битта кузатувчини безовта қилишимизга тўғри келди.
[gallery-11825]
Кундуз куннинг жозибаси бўлганидек, туннинг ҳам ўз ҳусни бор. Сизу бизга зулматдек туюлган қоронғилик ортида шундай сирлар борки, уларни оддий кўз билан кўриб бўлмайди. Самодаги ҳаракат, коинотдаги ўзгаришлар ва уларнинг ҳаётимиздаги аҳамиятини ўрганиш эса илм ҳисобланиб, ана шу илмлар инсониятнинг амалий эҳтиёжлари учун қўлланилади. Йилнинг 365 куни давомида фазоси деярли очиқ ва осмони жуда тиниқ бўладиган мўъжизакор Майданак обсерваторияси айтиш мумкинки, бугун дунё астрономияси ривожида муҳим роль ўйнамоқда. Обсерватория институтининг кичик илмий ходими Баҳодир Ҳафизов иштирокида телескоп жойлашган бинога кирдик ва баҳайбат кузатув дастгоҳининг иш фаолияти билан танишдик.
– Майданак астрономик обсерваторияси 1970 йил ташкил топган. Ушбу обсерватория ўзининг юқори сифатли атмосфера шароити ва географик жойлашуви билан Канар ва Гавайи ороллари ўртасидаги асосий астрономик обсерватория ҳисобланади, – дейди Обсерватория институтининг кичик илмий ходими Баҳодир Ҳафизов. – Ҳозирги кунда Майданакда ўнлаб телескоплар ҳар бир булутсиз кечада юзлаб осмон жисмлари бўйича кузатув ишларини олиб боради. Бундай қулай шароитлар, коинотнинг ноёб жисмларини текшириш имконини беради. Қатор муҳим тадқиқотлар Майданакдаги тўла роботлашган телескоп ёрдамида амалга оширилади. Бугун астрономия соҳасида эскича усуллар билан ишлаб бўлмайди. Коинотда рўй бериб турадиган портлашсимон жараёнлар пайтида ўта қисқа вақт давомида гамма нурланиш ҳосил бўлади. Бундай гамма-чақнашлар космосда жойлашган махсус телескоплар ёрдамида қайт этилади. Портлаган жисмлар табиатини тушунишда уларни гамма чақнашлар фазасидан кейинги оптик нурланишни кузатиш катта илмий аҳамият касб этади. Гамма-чақнаш қайд этилгандан сўнг бир неча дақиқа ичида оптик нурларни кузатиш ердаги оптик телескоплар орқали олиб борилади.
Сўнгги йилларда Майданак обсерваториясидаги АЗТ-22 русумли бош телескопида сезгирлиги жуда юқори бўлган рақамли камеранинг ўрнатилганлиги 30 дан зиёд гамма-чақнашларнинг оптик диапазондаги нурланишларини қайд этишга сабаб бўлди. Обсерватория ЎзФА Улуғбек номидаги Астрономия институтининг астрономик кузатув пункти ҳисобланади. Бу ерда турли осмон жисмлари — кичик сайёралар, коинот чиқиндилари, Сомон Йўли галактикамиздаги ўзгарувчан ва қўшалоқ юлдузлар, шаклланаётган галактикалар кузатувлари олиб борилади. Бу сафарги саёҳатимизда обсерватория ичига кириш ва у ердаги иш жараёни билан танишиш имконига эга бўлганимиз очиғи бизни жуда қувонтирди. Боиси ўтган гал яъни бундан бир ой аввал келганимизда йўлларнинг қори батамом эриб кетмаганлиги сабаб обсерваториягача етиб бора олмаган эдик.
Денгиз сатҳидан 2650 метр баландликдаги обсерваторияда ҳозирда замон билан ҳамнафас фаолият олиб борилмоқда. Бир пайтлар осмон жисмларининг ҳаракати шунчаки рақамлар орқали аниқланиб келинган бўлса, ҳозирда уларнинг фото тасвирини олиш ва рақамли технологиялар орқали кузатув сифати ва илмий натижалар аниқлигини анча оширишга эришилган. Обсерваториядаги иш жараёнини ва сўнгги русумдаги телескопларни кузатар эканмиз дунё астрономиясида ўчмас из қолдирган Мирзо Улуғбек ёққан машъал ҳали ҳамон ловуллаб ёниб турганига ва бобокалонимизнинг меҳнатлари зое кетмаганига таҳсин айтдик.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.