Махтумқули – туркий халқларнинг улуғ шоири
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 24 октябрдаги тегишли фармойишига асосан мамлакатимизда 28 октябрь – 30 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикасида Туркманистон маданияти кунларини ўтказиш кўзда тутилган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Туркманистон делегациясининг ташрифи ва буюк туркман шоири Махтумқули таваллудининг 300 йиллигига бағишланган адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботир Эргашев, Туркманистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Шодурди Мередов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мирзо Кенжабек, Туркманистон Маданият вазирлигининг ижодкорлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, шоир Оқмурод Режепов ва бошқалар икки қардош халқнинг тарихи, маданияти, дини, тили ўзаро уйғун, вобаста эканини таъкидлади.

– Махтумқулининг шеърларига болаликдан ошномиз, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботир Эргашев. – Рости у зотни ўзбек шоири деб ўйлар эканман. Махтумқули – туркий халқларнинг улуғ шоири. Унинг ижодига санъаткорларимиз доим мурожаат этганлар.
– Бундай адабий-маданий тадбирларни юксак савияда ташкил этгани учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига, Маданият вазирлигига миннатдорлик билдираман, – деди Туркманистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Шодурди Мередов. – 2024 йилда Туркманистонда Махтумқули таваллудининг 300 йиллиги кенг нишонланади. Махтумқули юксак шеърият вакилидир. Унинг сатрлари теран фалсафий ғояларга йўғрилгани билан аҳамиятлидир. Эндиликда Махтумқулининг орзулари рўёбга чиқиб, жаҳон харитасида бирдам, ҳамжиҳат, тараққий этган Туркманистон давлати мавжуд. Эътиборли томони, кейинги йилларда мамлакатимиз ўртасидаги муносабатлар янгича ривожланиш босқичига чиқди. Бу каби адабий анжуманлар дўстлигимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
– Махтумқулининг ижоди чексиз уммонга ўхшайди, – деди атоқли адабиётшунос олим Баҳодир Каримов. – Бу уммонга шўнғиган инсон, албатта, дур-жавоҳирлардан баҳраманд бўлади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мирзо Кенжабекнинг таъкидлашича, ўзбек ва туркман халқлари бир дарёдан сув ичган, бир-бирининг маънавияти, маданиятини бойитган халқлардир. Махтумқули – туркий халқларнинг сайроқи тили. Унинг асарлари мунтазам тарзда юртимизда чоп этилмоқда. Ижоди ўрганилмоқда.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда турли миллат вакиллари каби туркман диаспораси ҳам яшаб, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Юртимиз мактабларида туркман тилида ҳам билим берилади. Махтумқулидек мутафаккир шоирларнинг ижодини ўрганиш, асарларини чоп этиш доимий эътиборда. Тўй-тадбирларимизда Махтумқули сўзлари билан куйланувчи қўшиқлар доим баралла янграйди. Пойтахтнинг марказий кўчаларида шоирга кўркам меъморий ёдгорлиги ўрнатилгани, унинг номи билан файзли кўчаларимиздан бири номлангани ҳамжиҳатлигимизнинг ёрқин далилидир. Дўстлик ришталаримизнинг тобора мустаҳкамланишида бу каби ижодий алоқалар, бетакрор маърифий лойиҳаларнинг ўрни катта.
Тадбирда Махтумқулининг гўзал ижодидан намуналар, куй -қўшиқлар ижро этилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири