Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Жаҳон адабиётининг беназир сиймоларидан бири, туркман халқининг буюк шоири, илоҳий ишқ куйчиси, ошиқ ва ориф зот Махтумқулининг “Танланган асарлар” ўзбек китобхонлари учун яна бир ажиб туфҳадир.
Беназир шоирнинг ушбу китоби унинг 1983, 1994-1996 йилларда “Туркманистон” нашриётида чоп этилган икки ва уч жилдлик сайланма асарларидан танлаб олинган. Китоб янги таржима ва табдил этилган асарлар билан бойитилган.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Махтумқули асарлари энг кўп нашр қилинадиган ва ўқиладиган мамлакатлардан бири.
“Юртимизда мумтоз шоирнинг шеърлари ва улар асосида яратилган қўшиқлар кириб бормаган бирор-бир хонадон, унинг номини билмайдиган бирор-бир ўзбек топилмайди. Махтумқули асрлар мобайнида халқимизнинг ўз шоирига айланган. Унинг шеърлари ўзининг теран фалсафий маъноси, халқона руҳи, юксак бадиияти билан бахши ва ҳофизларимиз, шоирларимизга илҳом бағишлаб, ҳамиша давраларда янграб, эл-юртимиз қалбида яшаб келади” – дейди буюк шоир ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев.
Туркман тилидан табдил этиб, ўзбек тилига мувофиқлаштирувчи, сўзбоши, луғат ва изоҳлар муаллифи – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, фахрий профессор, Мирзо Кенжабек.
Масъул муҳаррир – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири, Давлат мукофоти соҳиби Сирожиддин Саййид.
ХУШ ҚОЛ, ГЎЗАЛ “ШЕРҒОЗИ!”
(Хивадаги “Шерғозихон” мадрасаси
билан хайрлашув)
Макон айлаб, уч йил едим тузингни,
Кетар бўлдим, хуш қол, гўзал “Шерғози!”
Ўтказдим қишингни, наврўз, ёзингни,
Кетар бўлдим, хуш қол, гўзал “Шерғози!”
Ҳақдан бизга буйруқ, фарз эрур билим,
Сенда таълим олдим, очилди дилим,
Келсин дея кутар ул Карказ элим,
Кетар бўлдим, хуш қол, гўзар “Шерғози!”
Ажратарман энди оқу қарони,
Дўст-рақиб, қардошим, ҳақни, ёронни,
Ўқидим, кўтардим Китоб – Қуръонни,
Кетар бўлдим, хуш қол, гўзал “Шерғози!”
Ақлим қисқа эди, кўксим қайнади,
Жигар талвоч урди, юрак ўйнади,
Илми ислом билан жоним яйради,
Кетар бўлдим, хуш қол, гўзал “Шерғози!”
Жўшқин юрагимда мавжларим битмас,
Қайнар, тўлқинланар, ҳеч лойга ботмас,
Илм, таълим олган сени унутмас,
Кетар бўлдим, хуш қол, гўзал “Шерғози!”
Паймон тўлмай, келсак, тоқат етмасдан,
Сирин зоҳир қилмас, ақл кетмасдан,
Бодипой отландим, сайрон этмасдан,
Кетар бўлдим, хуш қол, гўзал “Шерғози!”
Дарёга кирсам-да, ғаввос сузарман,
Беҳасрат яйрабон, беғам кезарман,
Даҳон ичра асал забон эзарман,
Кетар бўлдим, хуш қол, гўзал “Шерғози!”
Камол топиб, саранжомлик қилибмен,
Мушфиқимдан, ул падардан қолибмен,
Каъбамдан – ойимдан жудо бўлибмен,
Кетар бўлдим, хуш қол, гўзал “Шерғози!”
Қутбда саъй кўзлаб, камона тушдим,
Найсон қуйди, уммон қайнадим-жўшдим,
Хуш қол, бу кун Жайҳун баҳридан ошдим,
Кетар бўлдим, хуш қол, гўзал “Шерғози!”
Махтумқули ташлаб буткул қайғусин,
Алқади пирини, мулло, сўфисин,
Асло унутмасман тилло қописин,
Кетар бўлдим, хуш қол, гўзал “Шерғози!”
Махтумқулининг янги китоби азиз китобхонларнинг қалб жавонидан муносиб ўрин олгусидир.
ЎзА