Мамлакатимизда “Ўзбекистон – китобхонлар юрти” шиори остида ўтказилаётган китобхонлик ҳафталиги доирасида Сурхондарё вилояти махсус кўзи ожизлар кутубхонасида китобхонлик маданияти ва китоб тарғиботига бағишланган тадбир ташкил этилди.
Вилоят ахборот-кутубхона марказлари ва махсус кутубхона ходимлари, зиё маскани китобхонлари, талабалар ва ўқувчилар иштирок этган тадбирда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи З.Тўраев, Адиб Собир Термизий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази раҳбари М.Абдушукуров, Термиз давлат университети ўқитувчиси Зокир Алимов, вилоят болалар кутубхонаси директори С.Олимов ва бошқалар мамлакатимизда китоб мутолааси ҳамда китобхонлик маданиятини оширишга қаратилаётган юксак эътибор ҳақида сўз юритди. Ҳар йили анъанавий ўтказилаётган мазкур ҳафталик ҳам ана шундай эзгу мақсадларга қаратилгани таъкидланди.


Президентимизнинг бевосита ғояси билан Янги Ўзбекистонда адабиёт ва санъатни ривожлантириш, аҳолининг китобхонлик маданиятини ошириш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг муҳим йўналишига айланди. Жорий йил вилоятда “Китобни қадрлаш ва мутолаа йили”, деб эълон қилингани ҳам воҳада аҳолининг китоб мутолаасига қизиқиш ва интилишини оширишга муҳим омил бўлмоқда.
– Ҳозирги глобаллашув жараёнида китобнинг ўрни ва аҳамияти янада ошиб бормоқда, – дейди Сурхондарё вилояти махсус кўзи ожизлар кутубхонаси директори Ҳусан Исломқулов. – Шу маънода юртимизда аҳолининг китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилаётган эътибордан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Бу жараёнда нафақат китоб мутолааси, балки кутубхоналарнинг моддий-техник базаси ҳам ривожлантирилмоқда. Масалан, бизнинг кутубхона бундан 44 йил муқаддам ташкил этилган. Бироқ, ўтган йилгача турли муассасаларнинг бўш биноларида ижара асосида китобхонларга хизмат кўрсатган. Ўтган йили барча замонавий шароитларга эга бино қурилиб, жиҳозланди. Бу ҳам китобхонликни юксалтиришга қаратилаётган эътиборнинг амалдаги ифодасидир.


Вилоят марказининг Нурли келажак маҳалласида барпо этилган махсус кутубхона юз минг китобни сақлаш қувватига эга. Ҳозир маърифат маскани 45 минг 500 китоб фондига эга. Уларнинг 20280 таси брайль алифбосидаги китоблардир. Кутубхонанинг вилоятдаги 13 та филиалида мавжуд 88 минг китобнинг 34 мингтаси брайль алифбосида чоп этилган. Кутубхона қошида аудио китоблар тайёрлаш ҳам йўлга қўйилган. Жорий йилдан бошлаб зиё масканининг замонавий хориж ускуналари билан жиҳозланган ихчам босмахонасида брайль алифбосидаги китобларни чоп этиш жорий этилиб, кутубхона фонди янада бойитилади.


Айни пайтда кутубхона 2 минг 148 нафар кўриш имконияти чекланган ва қарийб беш минг соғлом китобхонга хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, имконияти чекланган мижозлар учун уйларига китоб етказиб бериш, хонадонларига бориб аудио китоблар билан таништириш каби хизматлар ҳам кўрсатилмоқда.
Шу куни махсус кутубхонада аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг китоб мутолаасига қизиқишини янада ошириш, китоб тарғиботи ва уларга сифатли хизматлар кўрсатишга бағишланган давра суҳбати ташкил этилиб, ютуқ ҳамда муаммолар атрофлича таҳлил қилинди. Таклиф ва тавсиялар билдирилди. Иштирокчилар зиё масканида яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири