Нукусда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳамда Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими билан ҳамкорликда “Тадбиркорлик ва кичик бизнес фаолияти асослари” мавзусида ўқув курси бошланди.
Тадбирда O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси вакиллари, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилояти Кенгашлари ходимлари, ҳар бир ҳудуддан 10 нафардан хотин-қиз иштирок этди.
Таъкидланганидек, ўқув курсини ташкил этишдан асосий мақсад давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 февралдаги 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони ва Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган аҳолининг банд бўлмаган қатламларини тадбиркорликка йўналтириш, уларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш, фойдали меҳнатга жалб қилишдан иборат.
Ўқув курсига асосан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз фуқаролар қамраб олиниб, уларни тадбиркорликка кенгроқ жалб этиш орқали ўзини ўзи банд қилишга кўмаклашиш мақсадида бепул ўқитилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига қарашли Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиали раҳбари Г.Рзаева, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси сектор раҳбари Б.Қутлимуратов ва бошқалар томонидан тадбиркорлик фаолияти асослари, мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий бўғини бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган фармон ва қарорларнинг аҳамияти, тадбиркорликнинг ўзига хос сирлари, бизнесни бошлаш ҳамда бизнес-режа тузиш бўйича дарслар ташкил этилмоқда.
Иштирокчилар тадбиркорликка оид ўзларини қизиқтирган саволларга тегишли соҳа вакилларидан атрофлича жавоб олмоқда.
Ўқув машғулотлари жорий йилнинг 20 июнига қадар давом этади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА