Мазкур савол юзасидан Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори ўринбосари Нуриддин Шадихўжаев қуйидагиларни маълум қилди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, мавсумий ишчи ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун пенсиялар улар томонидан Пенсия жамғармаси учун тўланган ижтимоий солиқ миқдоридан келиб ҳисоблаб чиқилади.
Қулай томони шундаки, фуқаролар ушбу тўловларни тегишли давлат органларига тўлаганлиги сабабли улар учун меҳнат дафтарчаси юритилмайди. Уларга тегишли маълумотларни солиқ идораларидан электрон шаклда олиш имконияти яратилган. Ушбу тоифадаги фуқаролардан уларнинг меҳнат фаолиятига доир маълумотларни бандлик органларига бориб, рақамлаштириш талаб этилмайди.
Улар учун пенсия миқдори қандай ҳисобланади?
Маълумки, пенсия миқдори меҳнат шартномасига асосан доимий иш билан банд фуқароларнинг иш ҳақидан келиб чиқиб ҳисобланади. Қайд этиш лозимки, Пенсия жамғармасига бюджетдан ташқари ташкилотлар 12 фоиз миқдорида, бюджет ташкилотлар томонидан 25 фоиз миқдорида ижтимоий солиқ тўланади. Ушбу миқдордан келиб чиқиб, пенсия ҳисоблаб чиқилади. Ўзини ўзи банд қилган, мавсумий ишловчиларнинг ижтимоий солиқ тўловлари ихтиёрий ҳисобланади. Бунда фуқаролар келажакда пенсия таъминотига эга бўлиши учун бир йилда бир маротаба базавий ҳисоблаш миқдорида 340 минг сўм тўловни тўлаши ва бир йиллик меҳнат стажига эга бўлиши мумкин. Келажакда уларга пенсия миқдори ҳисоблаб чиқилади.
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди,
ЎзА