
Халқимизга кафолатланган сифатли ва узлуксиз электр энергиясини етказиб бериш, тармоқни модернизация қилиш куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишда муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда Наманган вилоятидаги 614 мингдан ортиқ аҳоли хонадонлари ва 31 мингдан зиёд улгуржи истеъмолчилар 35-110 кВ кучланишли 210 та подстанция, 7 минг 397 та трансформатор пункти ҳамда 22 000,5 км узунликдаги 0,4-110 кВли узатиш тармоқлари орқали электр энергияси билан таъминлаб келинмоқда.
– Куз-қиш мавсумида электр таъминотида узилишлар бўлишига йўл қўймаслик мақсадида ҳар қачонгидан кўра пухта тайёргарлик кўрилди, бунинг учун давлат дастурлари ҳамда жамиятимиз маблағлари ҳисобидан етарли ресурслар ажратилди, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Наманган филиали директори Адҳамжон Қорабоев. – Айниқса, совуқ ёки ёғингарчилик кунларида юкланиш билан ишлаши кутилаётган 37 та трансформатор катта қувватлисига алмаштирилиб, 366 мВА қўшимча қувват захираси яратилди.
Хитой Халқ Республикасининг “Твeа” компаниясида ишлаб чиқарилган катта қувватли саккизта трансформатор олиб келинди. Бу жиҳозлар Косонсой туманидаги “Косон”, Чортоқ туманидаги “Чортоқ”, Давлатобод туманидаги “Олмазор” ва Чуст туманидаги “Ифтихор” подстанцияларига ўрнатиб, ишга туширилди. Бунинг натижасида, 30 та подстанцияда 37 та трансформатор юкламасиз ишлашига эришилди.
Президентимизнинг жорий йил 17 июлдаги “2024 йилда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарори ижроси доирасида эскирган таянчлар ўрнига 7 минг 286 та темир-бетон таянч ўрнатилди. Умумий узунлиги 381,4 километр электр узатиш тармоғи ва 49 та трансформатор пункти ишга туширилди.
Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Наманган вилоятида ташкил этилган 72 та кичик саноат зонасидаги 33 та объектда тадбиркорлик субъектларини ташқи электр энергияси билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, Чуст туманидаги “Сабзазор”, Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” ҳамда Янги Наманган туманидаги “Тараққиёт” кичик саноат зоналари ҳудудида амалга оширилган модернизация ишларини бунга мисол қилиб келтириш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, Наманган вилоятида ўтган 2023 йил давомида жами 5 миллиард 2 миллион кВт.соат, шу жумладан, аҳоли хонадонларига 1 миллиард 9 миллион ва улгуржи истеъмолчиларига 3 миллиард 2 миллион кВт.соат электр энергияси етказиб берилиб, ушбу кўрсатилган хизматлар миқдори жами 2 триллион 324 миллиард 400 миллион сўмни ташкил қилди.
Мамлакатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга кўра, Наманган вилоятида жами 3 минг 270 та ташкилот кесимида 49 минг 668 кВт қувватдаги қуёш панелларини ўрнатиш режалаштирилган. Ҳозирга қадар мазкур режа асосида 4 мингдан ортиқ муассаса ва корхонада 26 минг 980,0 кВт қувватдаги панеллар ўрнатилиб, ишга туширилди. Бунинг натижаси ўлароқ бир ойлик 4 398,9 минг кВт. соат ёки 2 918,3 миллион сўм, йиллик 52 786,8 минг кВт. соат ёки 35 019,2 миллион сўмлик электр энергияси ишлаб чиқаришга эришилди.
Вилоятда сифатли ва мунтазам электр энергиясини етказиб беришга қаратилган чора-тадбирлар келгуси 2025 йилда ҳам давом эттирилади. Жумладан, 2 508,3 километр электр узатиш тармоқларида ва 832 та трансформатор пунктида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилади. Вилоятдаги 138 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида 520,5 километр электр узатиш тармоқлари ва 172 та трансформатор пункти янги қурилиб, реконструкция ва модернизация ишлари бажарилади.
Президентимизнинг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан, Поп туманининг “Миришкор” массивида қуриладиган иккита кўп қаватли уйлардаги 40 хонадон учун 0,5 километр электр узатиш тармоғи ва бир дона трансформатор пункти, Чуст туманининг “Гулзор” массивида қуриладиган 11 та кўп қаватли уйлардаги 220 хонадон учун 1,65 километр электр узатиш тармоғи ва икки дона трансформатор пункти ўрнатилади.
Умуман олганда, истеъмолчиларга 5 миллиард 500 триллион кВт.соат, шундан аҳоли хонадонларига 2 миллиард ва улгуржи истеъмолчиларга 3,5 миллиард кВт.соат электр энергиясини етказиб бериш режалаштирилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА