Матонатли спортчиларимиз “World Abilitysport-2024”да қатнашмоқда
Жорий йилнинг 1-7 декабрь кунлари Таиланднинг Накхон Ратчасима шаҳрида “World Abilitysport-2024” ёшлар ўйинлари бўлиб ўтади.
Пара спортнинг тўртта йўналиши бўйича ташкил этиладиган мазкур ўйинлар Халқаро паралимпия қўмитаси томонидан 2015 йилдан бери ўтказиб келинади.
"Лос-Анжелес-2028" Паралимпия ўйинларига тайёргарликнинг муҳим босқичи бўлган бу галги “World Abilitysport-2024” мусобақаларида дунёнинг кўплаб давлатларидан Таиландга етиб келган матонатли спортчилар пара енгил атлетика, бочча, пара пауэрлифтинг ва пара стол тенниси баҳсларида ғолиблик учун кураш олиб боради.

2024 йилнинг сўнгги йирик комплекс пара спорт ўйини саналган ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистоннинг пара енгил атлетика ҳамда пара пауэрлифтинг бўйича миллий терма жамоа аъзолари ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Кеча 27 нафар спортчи ва мураббийлардан иборат Ўзбекистон спорт делегацияси ушбу ўйинларда иштирок этиш учун Таиландга жўнаб кетди.
Т.Рўзиев,
ЎзА