Матонатли спортчиларимиз тантанали кутиб олинди
Жорий йилнинг 22-28 октябрь кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган Параосиё ўйинларида иштирок этган мамлакатимизнинг матонатли паралимпиячилари 25 олтин, 24 кумуш ва 30 бронза, жами 79 медални қўлга киритиб, Ватанимиз спорт шуҳратини улуғлаган ҳолда юртимизга қайтиб келди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ушбу нуфузли мусобақа ғолиблари, совриндорлари ва иштирокчиларини тантанали кутиб олиш маросими ташкил этилди.
Шу муносабат билан бу ерга давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчилар, паралимпиячиларимизнинг ота-оналари, журналистлар йиғилди.
Ўзбекистонлик спортчилар жорий йилги спорт мавсумининг энг нуфузли комплекс мусобақаси – XIX ёзги Осиё ва IV Параосиё ўйинларида муносиб иштирок этиб, қитъамизга мамлакатимизнинг улкан спорт салоҳиятини намоён этди. Аждодлари буюк миллатнинг авлодлари ҳам буюк ишларга қодирлигини, юртимиз ёшлари мардлик ва жасоратда, шижоат ва матонатда, иқтидору истеъдодда ҳеч кимдан кам эмаслигини, аксинча, манаман деган давлат ёшларидан устун эканини исботлади.
Спортчиларимизнинг ХIХ ёзги Осиё ўйинларида халққа улашган, элнинг қаддини, ғурур-ифтихорини тоғдек кўтарган музаффар онларининг ҳовури босилмай туриб, яна ғалаба нашидаси, бахтиёр лаҳзалар шукуҳи қалбларимизни чулғаб олди.
Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтган IV Параосиё ўйинларида спортчиларимиз эришган натижалар ана шундай туйғуларни бахш этди. Қитъа миқёсидаги ушбу нуфузли спорт анжуманида 40 дан зиёд давлатдан тўрт мингга яқин пара спортчи ғолиблик учун баҳслашди.
Параосиё ўйинларида Ўзбекистоннинг 74 нафар спортчиси пара дзюдо, пара сузиш, пара енгил атлетика, пара пауэрлифтинг, пара каноэ ва академик эшкак эшиш, пара таэквондо, пара велоспорт турлари бўйича ўтказилган шиддатли беллашувларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, жами 79 та медалга сазовор бўлди.
... Мана, орзиқиб кутилган дамлар – Паралимпиячиларимиз улкан ҳаво кемасидан қўлларида Ватанимиз байроғини мағрур кўтарган ҳолда чиқиб келмоқда. Карнай-сурнай садолари, кутиб олишга йиғилганларнинг “Ўзбекистон!" деган ҳайқириғи ғалаба қувончини янада оширади.
Ғолиб ва совриндор спортчиларимиз номидан сўзга чиққан Асила Мирзаёрова халқимизнинг ишончи, давлатимизнинг ёшларга қаратаётган юксак эътибор ва ғамхўрлиги учун миннатдорлик билдирди. Келгусида бунданда юксак ғалабаларни қўлга киритишга ваъда берди.
Параосиё ўйинлари ғолиб ва совриндорлари, иштирокчилари, уларнинг ота-оналари ва яқинлари усти очиқ автобусга ўтириб йўлга чиқди. Тошкент халқаро аэропортидан Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси биносига қадар музаффар спортчиларимизни кутиб олиш учун йиғилганлар уларни қутлади.
[gallery-14277]
Дарҳақиқат, мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, жисмоний имконияти чекланган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий кўмак бериш, билим олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, ўз қизиқиш ва интилишига мос касб-ҳунар эгаллаши, спорт билан шуғулланиши, халқаро майдонларда матонатини, иродасини, жасоратини кўрсатишини таъминлаш доимий эътиборда.
Қисқа қилиб айтганда, Ўзбекистон спортчилари IV Параосиё ўйинларида ўз маҳорати, матонати ва шижоатини тўла намоён этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Ишонамиз, келажакдаги нуфузли мусобақаларда, жумладан, 2026 йили Японияда бўладиган V Параосиё ўйинларида бунданда салмоқли натижаларга эришилади.
Зеро, ирода ва матонат тимсоли бўлган спортчиларимизга яратилаётган шароит, жисмоний тарбия ва спортнинг янада оммалашиши борасида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ютуқлар салмоғи юксак бўлишига замин яратиши тайин.
Тантанали маросимда Президент Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаментининг раҳбари Одил Абдураҳмонов сўзга чиқди.
Жавоҳир Тошхўжаев, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА