Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институти 1943 йилда ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институти 1943 йилда ташкил этилган. Институт ўз фаолияти даврида математика фанини ривожлантириш, республика учун юқори малакали кадрлар тайёрлашга сезиларли ҳисса қўшди ва математик тадқиқотларнинг жаҳон даражасида эътироф этилган марказларидан бирига айланди.
Математика институтида 72 нафар илмий ходим, жумладан, 5 нафар академик фаолият юритмоқда. Охирги икки йилда 11 нафар фан доктори ва 14 нафар фан номзоди тайёрланган. 422 та илмий мақола (245 таси чет элда), 9 та монография (5 таси чет элда) чоп этилган.
Математика институти Академиклар шаҳарчасидаги Шарқшунослик институтининг эски биносида жойлашган эди. 2019 йил 9 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Математика таълими ва фанларини янада ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Математикларга замонавий шароитлар яратиш мақсадида Олмазор туманидаги Талабалар шаҳарчасида янги бино қисқа муддат ичида қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Янги бинода 7 та илмий лаборатория ва “Ёш математиклар” маркази фаолият юритади. Бинонинг шинам қаватларида ахборот-ресурс маркази ва семинар хоналари, академик ва тадқиқотчилар учун кабинетлар, кутубхона, мажлислар зали, ошхона жойлашган. Хоналар энг илғор техника ва ускуналар билан жиҳозланган.
Охирги йилларда ёшларнинг математикадан билим даражаси пасайиб кетган эди. Шунинг учун математика фанини ўқитишнинг янги тизимини йўлга қўйиш зарурати туғилди. Жумладан, мактабгача таълим, халқ таълими тизимидан бошлаб, фанни ўқитиш сифатини яхшилашга эҳтиёж бор. Бу эса бирданига бўлмайди, босқичма-босқич кадрлар тайёрлаш билан амалга ошади. Институтнинг бундан кейинги асосий вазифаси математик таълим салоҳиятини кўтаришдан иборат. Қувонарлиси, юртимизда математика мактабини давом эттирадиган ёшлар жуда кўп.
Шоҳруҳ ИБРАГИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияси, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони, “Келажак бунёдкори” давлат мукофотлари соҳиби, математикадан талабалар Халқаро олимпиадаларининг олтин медаллари совриндори:
– Математикага бўлган қизиқишим болалигимдан бошланган. Оиламизда доимо кучли математик муҳит мавжуд бўлган. Бобом, амаким, аммам, акаларим ва опам математиканинг турли соҳалари бўйича мутахассислардир.
Инсоният тарихидан бизга маълумки, математика барча замонларда фанлар шоҳи дея қадрланиб келинмоқда. Шу билан бирга, ўзлаштирилиши энг қийин фанлардан ҳисобланади. Математика фанлар шоҳи деб таърифланиши бежизга эмас. Президентимиз ҳам таъкидлаганларидек, “Математика ҳамма аниқ фанларга асос, бу фанни яхши билган бола ақлли, кенг тафаккурли бўлиб ўсади, исталган соҳада муваффақиятли ишлаб кетади”.
Математика фақатгина ҳисоб-китоб илми, яъни арифметикадан иборат эмас. У жуда кўплаб тармоқларга бўлинган бўлиб, илм-фан, жамият ва шу жумладан, иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларида муҳим ўрин тутадиган илмлар мажмуи ҳисобланади. Шунингдек, математика кишининг абстракт-мантиқий фикрлаш қобилиятини юксалтиришга хизмат қилади. Бу фанни яхши ўзлаштирган мутахассис бошқа соҳаларда юзага келадиган муаммоларнинг туб моҳиятини ўрганишда ва уларни ҳал қилишда кўплаб қулайлик ва устунликларга эга бўлади деб ўйлайман.
Математика асосан икки турга бўлиниб, булар соф ва амалий-татбиқий математикадир. Соф математикада математик муаммолар назарий жиҳатдан таҳлил қилинса, амалий-татбиқий математикада, асосан, жамиятнинг турли соҳаларида мавжуд бўлган муаммоларнинг математик моделлари тузилиб, уларни соф математика натижаларини татбиқ қилган ҳолда ҳал қилиш устида иш олиб борилади. Бугунги кунда соф математика соҳасида шуғулланаётган, дунё тан олган мутахассисларимиз, академик ва профессорларимиз кўп. Aмалий-татбиқий математика эса юртимизда янгидан ривожланаётган соҳалардан.
Сўнгги етти йил давомида кўплаб халқаро олимпиада ва илмий тадбирларда иштирок этдим. Бу тадбирлар давомида тўплаган тажрибам ва дунёнинг умидли ёш математиклари қаторида бизга берилган маълумотлардан фойдаланиб шуни айтишим мумкинки, бугунги кунда иқтисодий ривожланган давлатларнинг барчасида, иқтисодий муассасалар, банклар, суғурта компаниялари, инвестиция корхоналари ҳамда консалтинг институтларида ишга қабул қилиш учун асосий талаблардан бири, кўп ҳолларда, бу математик даражага (бакалавр, магистр ёки ундан ҳам юқори) эга бўлганликдир ва бу бежизга эмас. Мана шундай вазиятда Президентимизнинг математика фани ривожига ўз вақтида, алоҳида эътибор қаратишлари биз ёш математикларни жуда ҳам қувонтириш билан биргаликда бизнинг юртимизда соҳа келажагига бўлган ишончимизни оширмоқда.
Жорий йилда Ўзбекистон Миллий университети математика факультетининг магистратура йўналишини тамомладим. Германиянинг нуфузли университетларидан бирида амалий-татбиқий математика бўйича докторантура босқичида ўқиш учун грантни қўлга киритдим. Бўлажак илмий раҳбарим амалий-татбиқий математиканинг энг замонавий соҳаларидан ҳисобланадиган "Deep Neural Networks", "Machine Learning" ҳамда молия соҳасида кўп учрайдиган "Стохастик дифференциал тенгламалар учун ҳисоблаш усуллари" йўналишларида таниқли олим ҳисобланади. У яқинда халқаро "Феликс Клайн" мукофотига сазовор бўлган.
Мақсадим, танлаган соҳам бўйича жаҳон даражасидаги етук мутахассис бўлиб, соҳанинг юртимиздаги ривожига, амалий масалалар татбиқига ва бу орқали юртимизнинг равнақига ўз ҳиссамни қўшишдир.
Сардор БОЗОРБОЕВ,
“Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони, “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби, математикадан талабалар Халқаро олимпиадаларининг олтин медаллари совриндори:
– Биламизки, энг ривожланган давлатлар энди ривожланишни бошлаганларида биринчи навбатда математикасига эътибор қаратган. Масалан, қашшоқ давлат даражасидан илғор давлат даражасига етган Сингапурни олиб қарасак, айниқса бошланғич синфлардаги математикага эътиборни кучайтирган. Чунки иқтисодиётнинг турли соҳалари, ишлаб чиқариш, агросаноат ва умуман олганда, барча соҳаларнинг тагида илмий асос, математик модел бўлса, ундан фойда янада самарали бўлади. Ёш олимлар илм қилишлари учун аввало, қулай шароит ва тизим бўлиши керак. Ана шунда илм-фан ривожланади.
Математика институтининг янги биноси бу шароитларни таъминлаб беради. Ўзим ёш олим сифатида биламанки, илмий раҳбар танлашда шошма-шошарлик қилиб бўлмайди. Бунинг учун устозга нисбатан меҳр ва ишонч ҳамда унинг илмий йўналишига қизиқиш пайдо бўлиши керак. Бу қизиқиш илмий семинарларда пайдо бўлади. Илгари Математика институти узоқлиги сабабли, талабалар у ерда ташкил этиладиган семинар, конференцияларда иштирок этолмас эди. Ўзбекистон Милий университети математика факультетида ўқиётган талабалар илмий раҳбар танлашда, у билан ишлашда қийналар эди. Масофанинг яқинлиги вақтни тежайди. Илмий раҳбар ва талаба мулоқоти узоқ давом этади. Бу кутилган натижани беради, албатта.
Халқаро олимпиадаларга қатнашган ёш математик сифатида айтишим мумкинки, институт биноси дунёнинг ҳеч бир математика марказидан қолишмайди. Биламизки, энг яхши китоблар интернет тармоғида пуллик. Янги бинодаги кутубхонада эса исталган китобнинг электрон нусхасини топиш мумкин. Ҳатто онлайн ўқиш имконияти ҳам яратилган.
Ўзбекистон математика мактабини ривожлантириш бўйича тизимдаги муаммолар босқичма-босқич ижобий ҳал этилмоқда. 2020 йил 7 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг математика фани ривожига оид “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Қарорга кўра, Қорақалпоғистон Республикасида, Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институтининг ҳудудий бўлинмалари очилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги халқаро мукофот таъсис этилди. Мукофот икки йилда бир марта учта йўналиш, яъни фундаментал соҳадаги тадқиқот, ёшлар ўртасидаги тадқиқот ва иқтисодиётнинг реал секторидаги муаммонинг ечимини таъминлаган тадқиқот бўйича ўтказилади. Ҳар бир йўналиш бўйича мукофот совриндорларига 50 минг АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти берилади. Унинг ташкилий жараёнлари Математика институтига топширилган. Мазкур олимпиада ёш математиклар учун яна бир имкониятдир.
Устозим, академик Азимбой Саъдуллаев билан динамик системаларни ўрганяпман. Динамик системалар иқтисодиёт, генетикада жуда кенг қўлланилади. У бундан кейинги жараёнларни аниқ таҳлил қилишга ўргатади. Юртимиз иқтисодиётидаги турли тармоқларни илмий ривожлантириш бўйича аниқ математик ечимини қилиб беришга астойдил киришганмиз.
Бугунги кунда Халқ таълими вазирлигининг Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаментида ишлаяпман. Иқтидорли ўқувчи ёшларни аниқлаш, улар фаолиятини илмий ва услубий жиҳатдан таъминлаб бориш, соҳада илғор тажрибаларни оммалаштириш, улар асосида таълим муассасалари учун тавсия ҳамда қўлланмалар ишлаб чиқяпмиз. Халқаро олимпиадалар иштирокчиларини юқори малакали мутахассислар, шу жумладан, олимлар, профессор-ўқитувчилар, хорижлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда тайёрлаяпмиз.