Фарғона давлат университети том маънода мамлакатнинг йирик илмий марказларидан биридир. Бу ерда илмий даража берувчи 8 та кенгаш фаолият кўрсатаётгани ҳам эътиборга моликдир. Университетда илмий-амалий халқаро конференциялар тез-тез ўтказиб турилади. Бу гал олимлар Фарғонага “Дифференциал тенгламалар ва математиканинг турдош бўлимлари муаммолари” мавзуидаги илмий анжуманга йиғилдилар. Унинг ишида 400 га яқин олимлар ва тадқиқотчилар иштирок этиш истагини билдирди.
– 340 га яқин илмий ишлар тақдим қилинган бўлиб, уларнинг барчаси тўплам шаклида чоп этилди, – дейди доцент Абдурашид Абдуқодиров. – Улар орасида Бельгия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон каби кўплаб хорижий мамлакатлар олимларининг илмий изланмалари ҳам бор.

Икки кун давомида 6 та шуъбада дифференциал математиканинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Конференция ёш илмий тадқиқотчилар учун тажриба мактаби ҳам бўлди. Қолаверса, турли мамлакатдан келган олимлар илмий алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан ўзаро келишувлар ҳам тузишди.

Фарғонадаги илмий анжуман доирасида фан доктори, профессор, улкан математик олим Аҳмаджон Ўринов хотираси ёдга олинди. Устоз номи билан аталувчи математика ўқув хонаси очилди. Аҳмаджон Ўринов ўнлаб дарслик ва қўлланмалар муаллифи, ёш олимлар устози эди.

– Бундан ташқари, устоз томонидан олий ўқув юртлари талабалари учун математика фанидан бир неча дарсликлар, аспирант ва олимлар учун дифференциал математика тадқиқотига бағишланган қатор илмий асарлар қолган. Ҳозиргача бу асарлар энг қимматли илмий ва таълим манбаси бўлиб хизмат қилмоқда, – дейди Абдурашид Абдуқодиров.
Хотира анжуманида Аҳмаджон Ўриновнинг хориждаги шогирдлари ва ҳамкасблари ҳам иштирок этишди.

– Аҳмаджон Ўринов математикада мактаб ярата олган олимлардан биридир. Биз россиялик олимлар Ўринов билан ҳамиша яқин мулоқотда бўлганмиз, – дейди Россия фанлар академияси космофизика тадқиқотлар институти профессори Роман Паровик. – Илмий конференцияларда Ўринов ғоят қизиқарли маърузалари билан қатнашар эди.
– Устозлик босиб ўтган ҳаёт йўли ва илмий мероси ёш авлодга ўрнакдир. Биз Аҳмаджон Ўриновнинг Қирғизистондаги шогирдлари устозни ҳамиша эҳтиром билан тилга оламиз, – дейди Қирғизистон фанлар академияси академиги Гулбадан Матиева. – Улар Ўш давлат университети математика мактабини яратишга катта ҳисса қўшганлар. Улар раҳбарлигида бир қанча қирғизистонлик аспирантлар олимлик даражасига эришди.
Конференциядаги илмий мақолалар ва Аҳмаджон Ўринов ҳақидаги хотиралар алоҳида тўплам сифатида чоп этиладиган бўлди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/oVngRGbaXpA?si=1xFS9pKRz7H4L9db" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Муҳаммаджон Обидов,Элёр Олимов(видео,сурат),
ЎзА мухбирлари