Ўзбекистон Халқаро исломшунослик академиясида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан "Матбуот – жамият кўзгуси" мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Академия ректори Музаффар Комилов маърифий янгиланиш жараёнлари жадал кечаётган янги Ўзбекистонда матбуот ва оммавий ахборот воситалари ривожига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Бугунги оммавий ахборот воситаларини бундан етти-саккиз йил аввалги медиа тузилмалар билан солиштириб бўлмайди. Матбуот эркинлигини таъминлаш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

–Бугун мамлакатимизда матбуот ва оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда, – деди “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири, устоз журналист Салим Дониёров. – Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Матбуот, телевидение, интернет нашрлар орқали соҳадаги туб ижобий ўзгаришлар яққол кўзга ташланмоқда. Бизда 27 июнь – “Тараққий” газетасининг илк сони нашр этилган кун Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Бу сана наинки байрам, балки соҳа ходимлари олдида турган вазифаларни белгилаб олишда ҳам ғоят муҳим.

– Касбимиз ниҳоятда мураккаб ва шарафли, – деди “Жадид” газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Халқаро исломшунослик академияси Жамоатчилик кенгаши раиси Иқбол Мирзо. – 1906 йили 27 июнда жадид боболаримиз Мунавварқори Абдурашидхонов бошчилигида Исмоил Обидий муҳаррирлигида “Тараққий” газетаси нашр этила бошланган. Тўғри ундан аввал ҳам матбуот бўлган. Лекин у нашрлар бизнинг манфаатларимизга жавоб бермаган. Жадидлар фаолиятининг асл моҳияти миллий матбуотимиз ривожи, хусусан, “Тараққий” газетаси билан бевосита боғлиқ эди. Журъат, жасорат, шижоат ушбу газетанинг моҳиятини, асосий ғоясини ташкил этган. Дунёдаги воқеликларга журналистларимизда ҳали-ҳануз журъат етишмайди. Одамлар газета ўқимай қўйган, мияни ишлатишга тоқати етмайди. Бу эса зарарли контентларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Жадид боболаримиз ким бўлишидан қатъий назар, энг аввало журналист бўлган. Улардек жасоратли журналистларимиз кўпайишини истардим.
Давра суҳбатида бугунги медиа соҳа олдида турган долзарб вазифалар хусусида батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири