Масъулиятни юракдан ҳис қилмоқдамиз
Мактабгача таълим узлуксиз таълимнинг бошланғич бўғинидир. Шу боис, мактабгача таълим соҳасини ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида қаралиб, 2017 йилдан буён бу тизимда қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, охирги тўрт йилда боғчалар сони 5 минг 211 тадан
18 минг 300 тага, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси икки баробар ортиб, 27,7 фоиздан 60,9 фоизга ошди. Давлат томонидан берилган имконият ва имтиёзлар натижасида хусусий ва оилавий боғчалар ҳам кўпайди. Бугунги кунда республика бўйлаб мактабгача таълим ташкилотларида 1 миллион 700 минг нафар бола тарбияланмоқда. Ваҳоланки, 2017 йилда 708 минг нафар бола мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган эди.
Аммо, юртбошимиз томонидан жорий йилнинг 24 майида ҳудудларда мактабгача таълим ташкилотлари қамровини кенгайтириш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда таъкидланганидек, бу ишлар ҳали етарли эмас. Республиканинг 53 та туманида мактабгача таълим ташкилотларини барпо этиш, таълим сифатини янада такомиллаштиришимиз зарур, мактабгача таълим билан болалар қамровини оширишимиз керак.
Юртбошимиз томонидан вазирлик олдидаги яна бир қатор вазифалар белгилаб берилди, буларни амалга оширишимиз учун бутун тизим ходимлари сидқидилдан ёндашади. Ахир, давлат раҳбари бизга қамровни ошириш бўйича қатор имтиёзларни белгилаб берди, бундан бениҳоя хурсандмиз, халқ манфаати йўлида масъулият билан ишлашга бутун жамоамиз билан киришамиз, мактабгача таълим тизимида меҳнат фаолиятини юритаётган барча ходимлар масъулиятни ҳис қилди, десак муболаға бўлмайди.
Юртбошимиз таклифига биноан мазкур 53 та туманда 34 минг ўринли 2 мингта оилавий боғча ташкил этиш чоралари белгиланди. Бу боғчаларда қўшимча ишчи ўринлар очилишига замин бўлди.
Танқид инсонни ўз фаолиятини тубдан ислоҳ қилишга ундайди, биз ҳам соҳадаги камчиликларимизни яна бир бор таҳлил қилдик, уларни бартараф этиш, мактабгача таълим қамрови ва сифатини ошириш масалалари соҳа мутахассислари билан кенг муҳокама қилинди.
Дарвоқе, давлатимиз раҳбари яна бир имтиёз эшигини очиб бердилар, яъни таълим-тарбия сифатини ошириш мақсадида оилавий боғчаларга ўқув қўлланма ва методик материалларнинг бепул берилиши учун давлат томонидан 30 миллиард сўм ажратилиши белгиланди ҳамда моддий- техник базасини такомиллаштириш мақсадида 5 фоиз ставкада 30 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар берилади.
Олис ҳудудларда мактабгача таълим қамровини кенгайтиришнинг яна бир манбаси давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчалардир. Бугунги кунда бундай муассасаларда бир бола учун 50 фоиз харажатлар субсидия қилиб келинмоқда. Йиғилишда ушбу субсидия миқдорини 75 фоизга етказиш, хусусий боғчаларнинг электр энергияси ва табиий газ тўловининг 50 фоизини давлат бюджетидан қоплаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, пандемия сабабли тўлиқ қувватда ишламаган давлат-хусусий шериклик боғчаларнинг кредитлари бўйича асосий қарз тўлови муддати ҳам йил якунига қадар узайтирилди.
Албатта, бу каби имтиёзлардан сўнг нодавлат мактабгача таълим ташкилотини барпо этган ташаббускорларнинг шижоати янада ошади. Биз, мактабгача таълим соҳаси ходимлари ташкил этиладиган оилавий боғчаларда таълим сифатини оширишга қаратилган дастурларни яратамиз ва тадбиркорларга бу борада кўмаклашамиз.
Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг сонини кўпайтириш билан бирга, давлат бюджети томонидан янги боғчалар қуриш ишлари ҳам давом эттирилмоқда. 2021-2022 йилларда 23 та туманнинг олис ва чекка ҳудудларида 50 та мактабгача таълим муассасаси барпо этиш режалаштирилган. Бунинг учун қамров даражаси энг паст ва болалар сони 250 тадан ошган 50 та маҳалла танлаб олинган.
Кўриниб турибдики, мактабгача таълим ташкилотлари сони кўпайгани сари, педагог кадрларга бўлган эҳтиёж ҳам ошади.Шуни инобатга олган ҳолда мактабгача таълим ташкилотларининг 12 минг нафар ходимини ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли курслар ташкил этиш белгиланди.
Мактабгача таълим тизими узлуксиз таълимнинг бирламчи, энг асосий бўғини ҳисобланади. Мутахассис ва педагогларнинг илмий хулосаларига кўра, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини 7 ёшгача бўлган даврда олади. Ана шу далилнинг ўзи болаларимизнинг етук ва баркамол шахс бўлиб вояга етишида мактабгача таълим тарбияси қанчалик катта аҳамиятга эга эканини кўрсатади.Бунинг масъулиятини биз юракдан ҳис қиляпмиз.
Агриппина Шин,
Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири
ЎзА