Масъулиятни унутган оталар
Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоятининг Мингбулоқ тумани судида фарзанди моддий таъминотидан бўйин товлаган айрим оталарнинг ҳуқуқбузарликлари кўриб чиқилди.
Фуқаро У. Қ. турмуш ўртоғи билан 2019 йилда ажрашган. Бир нафар фарзанди она қарамоғида қолган. Суднинг қарорига кўра ҳар ойда алимент тўлаши мажбурияти юклатилган. Бироқ, қарздор ота Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Мингбулоқ тумани бўлими давлат ижрочиси томонидан бир неча бор огоҳлантиришга қарамай тўловни пайсалга солиб келади. Натижада, қарздорлик салкам 18 миллион сўмга етади. Бўлиб ўтган суд жараёнида ҳуқуқбузарга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг қарорига асосан фуқаро Ф. Б. дан ундирувчи М. Ў. нинг фойдасига бир нафар вояга етмаган бола учун ҳар ойда алимент ундириш белгиланган. Аммо, қарздор ота бўйнидаги мажбуриятини унутди. Ҳозирда қарздорлик 21 миллион 461 минг сўмдан ошган. Унга нисбатан ҳам ўтказилган суднинг якуний қарори билан 15 сутка маъмурий жазо тайинланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА