Масъулиятли жараёнга пухта тайёргарлик кўрилмоқда
Айни вақтда давлат тест синовларига белгиланган меъёрлар асосида пухта тайёргарлик кўрилмоқда.
Пандемия шароитида олий таълим муассасаларига қабул жараёнлари онлайн тарзда амалга оширилди. Айни вақтда эса давлат тест синовларига белгиланган меъёрлар асосида пухта тайёргарлик кўрилмоқда.
Фарғона давлат университетида 12 та факультет, 40 та кафедра фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 48 та бакалавриат таълим йўналиши ҳамда 26 та магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган.
Мазкур муассасага 2020-2021 ўқув йили қабул жараёнлари замон талабларига мувофиқ ташкил этилди.
– Жорий ўқув йилида талабаликка даъвогар бўлиб 45 500 нафар абитуриентдан аризалар келиб тушди, – дейди университет ректори, техника фанлари доктори, профессор Равшан Максудов. – Шундан 23 000 дан зиёди кундузги таълимга, 22 000 нафари эса, сиртқи таълимга қайд этилган. Пандемия шароитида тест имтиҳонларини очиқ майдонлар – стадионларда ўтказиш белгиланди. Фарғонада ҳам мавжуд стадионларнинг белгиланган меъёрларга мос келадиганлари танлаб олинди ва имтиҳонларга шай ҳолатга келтирилди. Жумладан, Фарғона давлат университетининг 2000 квадрат метрдан иборат спорт майдонига 1350 та ўрин тайёрлаб қўйилди. Абитуриентларнинг имтиҳон топшириш жараёни очиқ ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида майдон бўйлаб 28 та кузатув камералари ўрнатилди.
Вилоят ҳокимлигининг бевосита амалий кўмаги ва Давлат тест марказининг масъуллигида абитуриентларнинг қулай шароитларда синовдан ўтишлари учун уларга зарур воситалар тақдим этилади.
2 сентябрдан бошланиши режалаштирилган давлат тест синовлари ҳар куни икки сменада ташкил этилади.
Фарғона давлат университети
Матбуот хизмати