Маст куёв қайнотасининг машинасини олиб қочди
Бухоро вилояти Ғиждувон тумани “Биёсин” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи 51 ёшли фуқаро А.И. жорий йилнинг 12 январь куни туман ИИБга ариза билан мурожаат қилади. Мурожаатда жорий йилнинг 9 январь куни соат тахминан 17:00 ларда яшаш уйига куёви 31 ёшли фуқаро А.И. маст ҳолда келиб уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, дарвозахонада турган “Nexia-2» русумли транспорт воситасини олиб қочиб кетганлигини, шу сабабли куёвига нисбатан қонуний чора кўришни сўрайди.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлар давомида вилоят ИИБ ЙҲХБ 4-Сафарбарлик гуруҳи ЙПХ инспекторлари томонидан жорий йил 9 январдан 10 январга ўтар кечаси соат 01:25 да фуқаро А.И олиб қочилган “Nexia-2» автомашинасини Бухоро шаҳри ҳудудида бирор-бир ҳужжатсиз, спиртли ичимликлар таъсирида бошқариб юрганлиги аниқланади. Унга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдончасига жойлаштирилади.
Мазкур ҳолат юзасидан Ғиждувон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан фуқаро А.Ига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА