Масофавий таълим: амалиёт ва тажриба...
Президентимизнинг қатъий позицияси, халқсевар сиёсати бугун янада яққол намоён бўлди.
Президентимизнинг қатъий позицияси, халқсевар сиёсати бугун янада яққол намоён бўлди. Мамлакатимизда коронавирус пандемиясининг аҳоли ўртасида кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш, она халқимизни бундай оғир синовдан соғ-омон олиб ўтиш учун барча зарур ва кескин чоралар амалга оширилмоқда. Айниқса, шундай дамларда ишсиз, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, саховат ишларини умумхалқ ҳаракатига айлантириш борасидаги ташаббусларга юртдошларимиз хайрихоҳ бўлаётгани ҳам буни кўрсатиб турибди.
Шундай кунларда уйда ўтирган ёшларимизнинг интернет орқали дизайнерлик, таржимонлик, дастурлаш, реклама, репетиторлик каби хизматлар кўрсатаётгани ибратли бўлмоқда. Демак, ақлий меҳнат орқали даромад топиш мумкинлигини улар амалда исботламоқда. Институтимизда таҳсил олаётган ёшлар орасида бундайлар жуда кўп. Улар ана шундай имкониятларни ишга солгани ҳолда бир қатор истиқболли лойиҳалар устида иш олиб бормоқда.
Олий таълим масканимизда ўқув жараёнини узлуксизлигини таъминлаш ва талабаларнинг билим олиш даражасини масофадан туриб методик қўллаб-қувватлаш мақсадида 2019/2020 ўқув йили баҳорги семестр фанлари бўйича масофавий таълим тизими тўлиқ йўлга қўйилди. https://dist.edu.uz/farpi масофавий таълим тизимига институтнинг 34 та таълим йўналиши ҳамда 13 та магистратура мутахассисликлари учун 506 та фандан ўқув адабиётлари, ўқув-услубий мажмуалар ва бошқа манбалар профессор-ўқитувчилари томонидан платформага жойлаштириляпти.
Ҳозирги кунга қадар 8 минг 860 нафар талаба рўйхатдан ўтиб, ўз йўналишлари бўйича уйда бўлган ҳолда таълимни давом эттирмоқда.
Масофавий таълим қамровини ошириш учун талабалар учун масофавий таълим платформасидан фойдаланиш бўйича видео йўриқномалар ишлаб чиқилди. Шунингдек, институт профессор-ўқитувчилари томонидан вебинар технологиялари асосида маърузалар ташкил этиш бошланди. Маърузачи ўқитувчилар масофадан туриб ишлаш, ўқиш ва мулоқот қилишга мўлжалланган Zoom дастурий воситаси ҳамда Белоруснинг бепул янги Nevermeet видеоконференция тизимидан фойдаланган ҳолда видеоконференция кўринишида маърузалар ўтишни бошлади.
Профессор-ўқитувчилар талабалар билан турли масофавий кўринишларда, жумладан, масофавий таълим платформаси, телеграмм гуруҳлари, каналлари ва бошқа тизимлар орқали on-line тарзда мулоқотга киришиб, фанлар бўйича тегишли мавзуларни муҳокама қилган ҳолда талабаларга маслаҳатлар бериб бормоқда.
Ўқув йилининг бу даврига келиб битирувчи курс талабалари ўқув машғулотлари деярли якунланган. Шундан келиб чиқиб, якуний давлат аттестациясини давлат имтиҳони шаклида (он-лайн тест синовлари, он-лайн ҳимоя ва бошқа шаклларда) ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Таълимни ўзлаштиришни назорат қилиш ва статистик маълумотларни тўплаш бўйича масофавий таълим платформасига ўрнатилган Kopere Dashboard модули ёрдамида автоматик равишда шакллантирилмоқда.
Масофавий таълимни йўлга қўйиш ишлари бевосита Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбариятининг буйруқ ва кўрсатмалари, Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бошқармаси ҳамда вазирлик ҳузуридаги Таълим муассасаларида электрон таълимни жорий этиш маркази билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Шунингдек, талабаларимиз уйда ўтириш билан чекланиб қолмасдан томорқа ишларига ҳам кўмак беряпти. Китоб мутолаласи, спорт билан шуғулланмоқда. Албатта бу каби саъй –ҳаракатлар ёшларимизнинг сифатли таълим олиши, карантин қоидаларига амал қилишига хизмат қилмоқда.
Ойбек Отақулов,
Фарғона политехника институти ректори