Дунё харитасида бир-биридан қарийб олти минг километр узоқда жойлашган Ўзбекистон ва Болгария ўртасида қандай умумий жиҳатлар бўлиши мумкин? Бир қарашда бу икки давлат турли цивилизация, география ва турли тарихга эгадек туюлади. Аммо чуқурроқ назар ташласак, ўзбек ва болгар халқини боғлаб турувчи тарихий, маданий ва замонавий умумийликлар жуда кўп.

Ўзбекистон қадимги Ипак йўлининг марказларидан бири бўлиб, Бухоро, Самарқанд ва Хива каби шаҳарлари орқали Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо, илм-фан ва маданият алмашинувига замин яратган. Болгария эса Европа билан Шарқ ўртасидаги муҳим транспорт ва маданий йўллар чорраҳасида жойлашган.
Икки мамлакат ҳам ўз вақтида катта империялар таркибида бўлган. Тарихий ўтмиш ҳозирги кунда бу икки дўст халқнинг турли маданиятлар ва халқлар ўртасида мулоқот қуриш қобилиятини мустаҳкамлаган.
Гарчи маданий муҳитлар турлича бўлса-да, Болгария ва Ўзбекистонда айрим умумий анъаналар ҳам мавжуд. Масалан, ҳар икки мамлакатда оила қадриятлари, меҳмондўстлик ва миллий таомлар катта аҳамият касб этади. Ўзбекистондаги палов қандай миллий ифтихор бўлса, Болгариядаги банитса – пишлоқли қатлама пироги ҳам шундай машҳур.
Ўзбекларнинг наво ва мақом анъанаси Болгария халқининг фольклор мусиқаси ва анъанавий хор жўрлиги билан уйғунлашиши мумкин.
Ўзбекистон ва Болгария ўртасидаги муносабатлар бизга шунчаки география эмас, балки қадриятлар, тарих, манфаат ва яқинлик муҳим эканини кўрсатади. Бу икки давлат "Шарқ ва Ғарб"ни нафақат географик, балки инсоний, иқтисодий ва маданий маънода боғловчи кўприкка айланиши мумкин.
Жорий йилнинг 10 июнида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ва Болгария Республикаси Президенти Румен Радев ўртасидаги расмий музокаралар икки мамлакат муносабатларида янги саҳифа очди. Бу учрашув – сўнгги 17 йил ичидаги биринчи юқори даражадаги саммит – нафақат тарихий, балки амалиёт нуқтаи назаридан ҳам ўта муҳим воқелик сифатида қайд этилмоқда.
Музокаралар давомида икки давлат ўртасидаги амалий ҳамкорлик масалалари кенг кўламда муҳокама қилинди. Президент Шавкат Мирзиёев Болгария етакчисини самимий қутлар экан, мазкур саммит икки давлат ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишини таъкидлади.
Болгария – Европа Иттифоқи аъзоси сифатида Ўзбекистон учун муҳим ҳамкор ҳисобланади. Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган "очиқ ташқи сиёсат", минтақавий алоқаларни мустаҳкамлаш ва инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича ислоҳотлар Болгария каби давлатлар билан алоқаларни кенгайтиришга замин яратмоқда.
Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги алоқалар янги босқичга чиқмоқда. Айниқса, савдо-сотиқ соҳасида тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика ва технологиялар бўйича алоқалар фаол ривожланмоқда. Таълим соҳасида академик алмашинувлар, ректорлар учрашувлари, талабаларни ўқишга юбориш масалалари йўлга қўйилмоқда. Туризм соҳасида Бухоро ва Самарқанд каби шаҳарлар болгариялик сайёҳлар учун жозибали йўналиш ҳисобланади. Шу билан бирга, Варна ва Пловдив каби шаҳарлар ўзбек сайёҳлари учун Европа маданиятини яқиндан англаш имкониятини беради.
Икки давлат раҳбарларининг мазкур учрашуви нафақат сиёсий, балки иқтисодий, гуманитар ва технологиявий соҳаларда ҳам самарали ҳамкорликни чуқурлаштиришда муҳим аҳамият касб этди.
Музокаралар давомида ўзаро савдони кенгайтириш масалалари марказий ўрин эгаллади. Томонлар, жумладан, тўқимачилик, озиқ-овқат, кимё ва фармацевтика маҳсулотлари, металл буюмлар ва технологик ускуналар етказиб беришни кучайтириш орқали савдо ҳажмини ошириш ниятида эканини маълум қилди.
Савдо алоқаларини янада фаоллаштириш мақсадида бир қатор амалий чоралар кўзда тутилмоқда. Яъники, икки мамлакат пойтахтларида савдо уйлари ташкил этиш, экспорт маҳсулотлари учун лабораторияларни халқаро аккредитациядан ўтказиш, имтиёзли кредит линияларини шакллантириш.
Бу чора-тадбирлар икки томонлама товар айирбошлашни институционал асосда қўллаб-қувватлашга, хусусий сектор фаоллигини оширишга хизмат қилади.
Келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида агросаноат мажмуи, фармацевтика, геология, сунъий интеллект, рақамли технологиялар, IT ва туризм соҳалари белгиланди. Бу йўналишлар нафақат иқтисодий манфаат, балки технологик ҳамкорлик ва инновацион ривожланиш нуқтаи назаридан ҳам катта салоҳиятга эга.
Айниқса, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳаларидаги қўшма лойиҳалар икки мамлакатни келажак технологияларини биргаликда ривожлантириш имконияти билан таъминлайди.
Музокараларда таълим, илм-фан ва маданият соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштиришга ҳам катта эътибор қаратилди. Жорий йилда Андижон шаҳрида етакчи олий таълим муассасалари ректорларининг учрашувини ўтказиш ташаббуси қўллаб-қувватланди. Бу ўзбек ва болгар халқи ўртасидаги академик ва илмий алмашинувлар учун янги майдон яратиши мумкин.
Ўзбекистон ва Болгария ўртасидаги ушбу дўстона руҳдаги музокаралар икки давлатнинг ўзаро ишонч ва манфаатларга асосланган ҳамкорлигини янада чуқурлаштиришга тайёр эканини кўрсатди. Геосиёсий ўзгаришлар шароитида, айниқса Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўприк вазифасини бажарадиган мамлакатлар учун бундай яқинлашув алоҳида аҳамиятга эга.
Мазкур саммит Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаол сиёсат юритаётганини, Болгария эса Марказий Осиё билан муносабатларни кенгайтиришга қизиқиш билдирганини кўрсатади. Эндиги вазифа эса эришилган келишувларни амалий натижаларга айлантиришдир.
Улуғбек Рўзиматов,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси,
“Наманган садоси” газетаси бош муҳаррири