Маслаҳат ишчи гуруҳи ташкил этилди

Бухоро давлат тиббиёт институти томонидан вилоятда коронавирус билан боғлиқ ижтимоий вазиятни яхшилаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бухоро давлат тиббиёт институти томонидан вилоятда коронавирус билан боғлиқ ижтимоий вазиятни яхшилаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Эпидемиологик вазиятнинг асорати ва карантин чекловларининг қайта жорий қилинганлиги, аҳолининг ўз вақтида тиббий маслаҳатга эҳтиёжи кескин ошгани боис институтнинг малакали шифокорлари, етакчи профессор ва ўқитувчиларини ўз ичига олган махсус маслаҳат ишчи гуруҳи (call-марказ) ташкил этилди. Бу ҳақидаги маълумотлар турли жамоат тузилмалари билан келишилган ҳолда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар орқали қисқа муддатда тарқатилди. Мобил алоқа операторлари билан келишилган ҳолда, ёрдам ва маслаҳат сўраш мумкин бўлган амалдаги call-марказ ҳақидаги СМС-хабарномалар вилоятда истиқомат қилувчи барча абонентларга юборилиши ташкил қилинди.
Call-марказининг ўзи Бухоро нефть ва газ саноати касб-ҳунар коллежи биносида жойлашган бўлиб, 20 дан ортиқ ихтисослашган мутахассислар 24 соат давомида қўнғироқларга жавоб бериб, касалликнинг эрта ташхисини аниқлашда ёрдам бермоқда, амалий ва психологик тиббий ёрдам кўрсатиб, тавсиялар бериб келмоқда. Қабул қилинган сўровлар асосида маҳаллий оммавий ахборот воситаларида COVID-19 белгилари, даволаш усуллари ва олдини олиш, ташхис қўйиш усуллари, иммунитет тизимини янада мустаҳкамлаш ва фуқароларни психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳақидаги маълумотларни вилоят аҳолисига мунтазам етказиб келмоқда. Telegram мессенжерида бепул онлайн консультациялар ташкил этилиб, шифокорлар бир вақтнинг ўзида ҳам беморларга амалий хизмат кўрсатиб, ҳам гуруҳ аъзоларининг саволларига жавоб бериб, ўз вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам учун беморларнинг илиқ ташаккурига ҳам сазовор бўлмоқда.
Тиббиёт институти малакали жамоасининг энг катта ҳиссаси Бухоро муҳандислик-технология институти ётоқхонасида COVID-19 билан оғриган беморлар учун шифохона ташкил қилинишида жонбозлиги ва беморлар ҳаёти, саломатлиги учун курашаётган 108 нафар тиббиёт ходимларининг жасоратидир. Давлат ва маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ўзаро оқилона ижтимоий ҳамкорлик самарасида талабалар ётоқхонаси шифохона палаталари даражасида жиҳозланди, зарур дори-дармонлар билан таъминланди, ўпкани сунъий шамоллатиш учун 3-CPAP қурилмалар ўрнатилиб, 15 та кислород концентраторлари ва 10 ўринга мўлжалланган реанимация бўлими ташкил қилинди. Малакали мутахассислардан иборат тез ёрдам жамоаси сафарбар қилинди. Шифохона 24 июль кунидан бугунги кунга қадар 400 дан ортиқ бемор қабул қилинган бўлса, уларнинг 241 нафари соғлиги яхшилангани туфайли амбулатор реабилитацияга юборилди.
Институтнинг бу каби фаолияти талабаларда ахлоқий тамойилларнинг ривожланишига катта таъсир кўрсатади. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, институт профессор-ўқитувчилари пандемия даврида аҳолига самимий ёрдам бериш истаги ва ижтимоий ташаббусларга жалб қилиш талаби билан бир неча бор институт раҳбариятига мурожаат ҳам қилган.

