Маск тарихда 500 миллиард доллар тўплаган биринчи одам
Илон Маск инсоният тарихида бойлиги 500 миллиард доллардан ошган биринчи шахсга айланди. Декабрь ойида бойлиги 400 миллиард доллардан ошган илк миллиардер номини олган Маск иккинчи ўриндаги Ларри Эллисондан анча илгарилаб кетди. Шу тариқа у биринчи триллионер мақоми сари йўлининг ярмига етди.
“Tesla” акцияси кеча қарийб 4 фоиз қимматлашди ва Илоннинг бойлигига 9,3 миллиард доллар қўшилди. Компаниянинг апрель ойидаги даромади бўйича чиқишида у бизнесга кўпроқ вақт ажратиш учун Президент Трамп маъмуриятидаги Ҳукумат самарадорлиги департаменти раҳбари лавозимини тарк этган эди. Шундан буён электромобил ишлаб чиқарувчи бу корхонанинг акцияси нархи икки карра ошди. Бозор капиталлашуви декабрь ойида эришилган барча даврлардаги энг юқори кўрсаткичнинг 10 фоизига қайтганда компаниядаги 12 фоиз улуш ҳозир 191 миллиард долларга тенг.
Қайд этилишича, “Tesla” Маск бойлигининг ягона манбаси эмас. Унинг 2002 йил ташкил этилган ракета-фазо компанияси – “SpaceX” август ойи хусусий тендер таклифида 400 миллиард долларга баҳоланди. Илон бу корхонанинг 42 фоиз соҳиби сифатида 168 миллиард долларга эга.
Бундан ташқари Маск март ойида янги сунъий интеллект компанияси – “хАI”ни 2022 йил сотиб олган Х ижтимоий тармоғи (собиқ “Twitter”) билан бирлаштирди. Мазкур уюшманинг қиймати айни пайт 113 миллиард доллар. Маск “хАИ” холдингининг тахминан 53 фоизини бошқаради – 60 миллиард доллар. Агар шу суръат давом этса, Маск 2033 йил мартигача дунёдаги биринчи триллионерга айланиши мумкин.
Г.Сатторова, ЎзА