Машҳур «Третьяков галереяси» билан битим имзоланди
“Dubai Exhibition Centre” мажмуасидаги Ўзбекистон павильонида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Давлат Третьяков галереяси ўртасида битим имзолаш маросими бўлиб ўтди.
И.В.Савицкий номидаги Давлат санъат музейи коллекцияларини ўрганиш мақсадида эришилган мазкур келишув Ўзбекистон Республикасининг “Expo 2020 Dubai” бутунжаҳон кўргазмасидаги иштироки доирасида амалга ошди.

Ушбу ҳужжат Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Третьяков Давлат галереяси томонидан И.В.Савицкий номидаги Давлат санъат музейи коллекцияларини ўрганиш, шериклик муносабатини ўрнатиш ва томонларнинг узоқ муддатли, самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадларини кўзлайди.
Икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорлик маданият соҳасидаги таълимни ривожлантириш, мутахассислар малакасини ошириш, илмий маслаҳат бериш, шунингдек, битимда кўрсатилган вазифаларни бажаришга кўмаклашадиган музейлар мутахассисларининг амалиёт жараёнини ва маҳорат дарсларини ташкил этишга кўмаклашади.

Битимдан келиб чиқиб, Жамғарма ва Галерея қуйидаги йўналишлар бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш мажбуриятини олади:
- музей коллекциясидаги санъат асарларини тақдим этувчи қўшма кўргазма дастурлари, лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- жамоатчилик ва профессионал ҳамжамиятга фаолият натижаларини тақдим этишга қаратилган таълим, илмий, маданий-маърифий тадбирлар (шу жумладан форум, конференция, давра суҳбати, семинарлар), мультимедиа лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича томонларнинг биргаликдаги иштироки;
- инновацион тизим ва технологиялардан фойдаланиш соҳасидаги қўшма фаолият (рақамлаштириш, архивлаш, кенгайтирилган воқелик ва мультимедиа технологияларини қўллаш);
- технологик тадқиқотлар, илмий-маърифий, маданий ва бошқа дастурлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- маданий меросни сақлаш ва ўрганиш соҳасидаги илмий маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва алмашиш, тарих, маданият, музей фаолияти, тарихий-маданий меросни муҳофаза қилиш соҳаларида ахборот алмашиш;
- музей ҳудудида технологик тадқиқотларни инобатга олган ҳолда илмий-тадқиқот ва реставрация мажмуаси лойиҳаларини амалга ошириш;
Мазкур битимнинг имзоланиши Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг халқаро маданий ташкилотлар ва хайрия жамғармалари билан ҳамкорлигини ривожлантириш, халқаро ва давлатлараро маданий алоқаларини кенгайтириш учун шароит яратади.
ЎзА