Машҳур олим ва етук жарроҳ...
Машҳур олим ва жамоат арбоби Азамат Шамсиев 21 сентябрь куни Навоий вилоятининг Хатирчи туманида туғилган. Тошкент тиббиёт институтининг педиатрия факультетини тугатган. 1973 йилда Ростов давлат тиббиёт институтида болалар жарроҳлиги бўйича номзодлик дессертациясини, 1983 йилда СССР ТФА/ Тиббиёт Фанлар академияси қошидаги педиатрия илмий текшириш институтида докторлик дессертациясини ёқлаган.
Азамат Шамсиевнинг умри Самарқанд тиббиёт институти билан чамбарчас боғлиқ. Ростов ва Донеск тиббиёт институтларида ишлаган ва илмий иш билан шуғулланган йилларидан ташқари бутун умри шу институтда ўтди. 1985 йилда Самарқанд давлат тиббиёт институтида ташкил этилган болалар жарроҳлиги кафедрасининг ўша кундан бугунгача профессори.
1990 йилда Самарқандда А.Шамсиев ташаббуси ва раҳбарлиги остида Самарқанд болалар жарроҳлиги илмий маркази ташкил этилди ва профессор 2013 йилгача халқ орасида «Шамсиев клиникаси» номи билан машҳур бўлган шу марказни бошқарди.
2004 йилдан 2020 йилгача Самарқанд тиббиёт институтига ректорлик қилди. 2017-2020 йиллар давомида Ирландиянинг дунёга маълум ва машҳур Дублин университети лойиҳасини замонавий тарзда бойитган ҳолда Самарқандга «кўчириш» муболағасиз 16 йил узлуксиз унинг номи билан боғлиқ бўлиб тарихга кирди.
Бугун ушбу таълим даргоҳида беш мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда.
А.Шамсиев Европа болалар хирургияси Ассоциацияси, Нью-Йорк фанлар академияси, Буюк Британия Қироллиги Соғлиқни Сақлаш Ассоцияцияси, Россия болалар хирургияси Ассоциацияси, Россия хирурглар жамиятлари аъзоси, Грас (Австрия) ва Тернопол (Украина) медицина университетлари фахрий профессори, Россия медицина ва техника академиясининг ва Ижевск медицина Академияси фахрий академиги, Осиё эндоскопик ва лапароскопик хирурглар жамияти (ELSA) аъзоси.
У минглаб шогирдларни тарбиялаган, 30 дан ортиқ шогирдлари фан доктори ва номзодларидир. Унинг муаллифлигида 20 дан ортиқ уқув дарсликлари, монография ва китоблари чоп этилган, 50 дан ортиқ ихтирога патент олган.
А.Шамсиев жаҳон болалар хирургияси ривожига қўшган ҳиссаси учун Мустақил Ҳамдўстлик Давлатлари миқёсида соҳанинг энг юксак мукофоти – профессор В.П.Немсадзе номли халқаро мукофот билан тақдирланган ва хирургия соҳасининг олий мукофоти – академик А.В.Вишневский номли медалга сазовор бўлган.
А.Шамсиевнинг эл-юрт саломатлиги йўлидаги хизматлари муносиб баҳоланиб, «Соғлом авлод учун» 2-даражали ордени билан, «Соғлиқни сақлаш аълочиси», Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 1, 10, 15, 20, 25 ва ниҳоят 30 йиллиги эсдалик нишонлари билан, Олий таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Самарқанд вилоят ҳокими фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.
Айни пайтда «Меҳнат фаҳрийси»нинг 1-даражали Олтин нишони ҳам яқинда Азамат Шамсиевнинг кўксидан муносиб жой топди.
Самарқанд Давлат Тиббиёт институтининг
бир гуруҳ олимлар ва талабалар жамоаси