“Машъал” ишсизликдан холи маҳалла
Фарғона вилоятида маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида аҳолини иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш орқали 400 мингдан зиёд фуқароларнинг даромадли меҳнат билан бандлиги таъминланди.
Хусусан, Фарғона шаҳридаги “Машъал” маҳалла фуқаролар йиғинида маҳаллани ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда.

Маҳалла ҳудудидаги кўп қаватли уйнинг ертўла қисмида микроорганик ўсимликларни етиштириш кооперацияси ташкил этилди. Тадбиркор Тоҳиржон Абдусаматов ташаббуси билан 2002 йилда иш бошлаган ушбу кооперацияга жорий йил февраль ойида вилоят ҳокимининг илк ташрифидан ҳудуддаги кўп қаватли уйлар сўнг ушбу тадбиркорлик субъектига ертўлалардан самарали фойдаланиш орқали аҳолини иш билан таъминлашга қаратилган лойиҳани амалга ошириш учун бошқарув сервис компанияси шаклида бириктириб берилганди.
Ҳозирда 25 нафар маҳаллада яшовчилар, шу жумладан, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар сердаромад иш билан таъминланган. Компания ҳозирда “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури доирасида янги иш ўринларини яратиш устида иш олиб бормоқда.

“Аёллар дафтари”га киритилган Ҳакимахон Тўхтабоевага ўтган йили мономарказда касбга ўқитилиб, субсидия асосида тикув машинаси берилган. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури бўйича унга 33 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилгани натижасида маҳаллада яшовчи 20 нафардан зиёд аёлларга иш ўрни яратилган тикувчилик цехи ташкил этилди.
3-сектор ҳудудига кирувчи маҳаллада жорий йил бошида 170 нафар ишсиз фуқаролар бўлган. Маҳаллада фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчиси Арофатхон Мақсудованинг саъй-ҳаракатлари билан уларнинг 22 нафарига имтиёзли кредит ажратилиб, оилавий корхона ва якка турдаги тадбиркорлик очишга кўмаклашилди. 8 нафарига субсидия асосида меҳнат қуроллари ажратилди, 25 нафари микроорганик ўсимликларни етиштириш кооперациясида, 20 нафари тикувчилик цехида иш бошлади. Маҳаллада ташкил этилган “Гўзаллик салони”да яна 10 нафар хотин-қизлар ишли бўлди. Қолган ишсизлар шаҳар ҳудудидаги ташкилот ва корхоналарга ишга жойлаштирилиб, маҳалла ишсизликдан холи ҳудудга айланди.

Ёшлар ишлари агентлиги шаҳар бўлими ташаббуси билан маҳалладаги кўп квартирали уйлар оралиғидаги бўш турган 1 гектар ер майдонида “Ёшлар эко боғи” ташкил этилди. 1000 туп мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда 1000 туп мавсумий ва кўп йиллик гул кўчатлари экилди. Ёшларнинг яна бир ташаббуси билан маҳалла ёшларининг спорт билан мунтазам шуғулланишларини таъминлаш мақсадида Workout ҳамда болалар майдончалари қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, бу ерда давлат-хусусий шериклик асосида янги маҳалла биноси ҳам барпо этилди.

М.Сулаймонов, ЎзА мухбири