Машаққатлар осонлик билан енгилмайди
Бутун дунёни қамраб олган коронавирус пандемиясини жиловлаш борасида юртимизда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Бутун дунёни қамраб олган коронавирус пандемиясини жиловлаш борасида юртимизда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Асосийси, одамлар соғлигини асрашга муҳим эътибор қаратилмоқда. Ана шундай синовли кунларда халқимиз янада бирлашди, бир-бирини асраб-авайлайдиган, бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган, ўзи яхши кўрган нарсани биродарига ҳам илинадиган бўлди десак, янглишмаймиз.
Аслини олганда машаққатлар осонлик билан енгилмайди. Бугун барчамиз бевосита бунинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бироқ миллатни, халқни, мўмин-мусулмонларни ана шундай имтихонли кунларда бир-бирларини ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши замирида улкан ҳикмат бор.
Муборак Қурбон ҳайити кунлари давлатимиз раҳбарининг «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига кўра, коронавирус пандемияси даврида аҳоли орасида иқтисодий жиҳатдан қийинчиликка дуч келган фуқаролар, шунингдек, жамиятимизда тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиб келаётган диний соҳада хизмат қилаётган вакилларининг моддий рағбатлантирилиши юксак эътибор ифодаси бўлди. Фармонга мувофиқ, ажратилган маблағлар «Вақф» хайрия жамоат фонди ва унинг ҳудудий филиаллари кўмагида «Ипотека банк» орқали ўз эгаларига топширилмоқда. Фарғона вилоятида ҳам бу эзгу ишлар кўплаб оилаларга шодумонлик улашмоқда.
Убайдуллоҳ Абдуллаев, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг Фарғона вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби:
– Хабарингиз бор бугунги пандемия шароитида юртимиздаги масжидлар ҳам фаолиятини бошлагани йўқ. Жамоат ва жума намозлари вақтинча тўхтатилган. Тизимда фаолият юритаётган имомлар ва масжид ходимлари деярли ойлик маошларисиз қолаётгани ҳам ҳақиқат. Бундай вақтда илм аҳлини, дин ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қийинчиликка дуч келаётганларга ёрдам кўрсатиш асосий эътибордаги масалалардан эди. Муҳтарам Президентимизнинг диний соҳа ходимларини ҳам эътибордан четда қолдирмай, айни шу синовли дамларда уларни рағбатлантиришлари ҳаммамиз учун катта қувонч бўлди. Мукофотни қабул қилаётган ходимларнинг барчаси хурсанд: гап пул ё маблағда эмас, балки дин ходими ҳам юрт раҳбарининг эътиборида эканидадир.
Вилоятда фаолият олиб бораётган масжид ходимларига 1 миллиард 238 миллион 500 минг сўм пул маблағи моддий кўмак сифатида тарқатилди.
Давронбек Усмонов, Фарғона тумани «Ҳувайдо» масжиди имом-хатиби:
– Юртбошимиз, муфтий ҳазратлари ҳамда соҳага мутасаддиларимиз эътибори сабаб қанчадан-қанча масжид ходимлари оиласига бугун хурсандчилик-шодлик кириб борди. Нафақат имом-хатибларимиз, балки уларнинг оила аъзолари ҳамда мухлис халқимиз ҳам кўрсатилган эътибордан мамнун бўлиб, дуо қилмоқда. Илм аҳлининг қалб қўридан инган дуолар даргоҳи илоҳийга қабул бўлсин.
Неъматуллоҳ Қурбонов, Риштон тумани «Оқмозор» масжиди имом-хатиби:
– Фурсатдан фойдаланиб, ушбу хайрли ишга бош бўлган ва сабаб бўлганларга ўзим ва барча аҳли илмлар номидан миннатдорчилик изҳор қиламан. Ўрни келганда айтиш жоизки, яқиндагина «имомлар карантин вақтида моддий жиҳатдан қийналиб қолмадими» мазмунида хабарлар чиққанида ижтимоий тармоқлар орқали гўё аҳли илмларни ёқлаб, давлат ва бошқа мутасаддиларни танқид қилганларни ҳам кўрдик. Ажабланарли жиҳати эса, кечагина «ёрдам бермади» деб таъна қилаётганлар бугун «имомлар ёрдамга муҳтожми» дея яна ўзларини кўрсатишяпти. Биз ҳар нарсанинг иллатини кўрсагу, аммо ҳикматини кўрмасак, кўрсакда тан олмасак, бу ҳам адолатдан бўлмайди.
Дарҳақиқат, аҳли илмлар халққа илм-маърифат улашувчи, уларга тўғри йўлни кўрсатувчи йўлбошчилардир. Аҳли илмга кўрсатилган кўмак, динга қилинган ёрдам демакдир. Мусулмонлар азал-азалдан илм аҳлини доимо хоҳ моддий, хоҳ маънавий жиҳатдан бўлсин қўллаб-қувватлаб келганлар. Бугун давлатимиз раҳбари томонидан аҳли илмларга кўрсатилган эътибор, муқаддас динимиз таълимотлари, аждодларимизнинг ўчмас қадриятларининг давом этаётганидан даракдир.

