Жаҳон фани тарихида биринчи илмий глобус яратувчиси сифатида 1492 йилда ўз ихтиросини тақдим этган нюрнберглик савдогар ва денгизчи Мартин Беҳайм номи мустаҳкам ўрнашган.
Бироқ тарихий манбаларнинг чуқур таҳлили шуни кўрсатадики, бундан қарийб беш аср аввал, Хоразм заминида, буюк қомусий олим Абу Райҳон Беруний томонидан яратилган глобус нафақат мавжуд бўлган, балки ўз даври учун мисли кўрилмаган илмий аниқликка эга бўлган. Бу глобуснинг фожиали тақдири ва унинг яратилиши билан боғлиқ тафсилотлар Марказий Осиё илм-фанининг биз ўйлагандан ҳам юксакроқ чўққиларни забт этганидан далолат беради.
Глобус ясаш ғояси қадимги дунёга бориб тақалади. Милоддан аввалги II асрда яшаган Кратес Маллосскийнинг ерости сувлари ва иқлим минтақалари тасвирланган содда глобуси ёки Клавдий Птолемейнинг “География бўйича қўлланма” асаридаги назарий тавсиялари кейинги асрлар учун асос вазифасини ўтаган. Аммо булар кўпроқ рамзий ёки умумий тасаввурларга асосланган бўлиб, аниқ географик координаталарга эга илмий жиҳоз ҳисобланмас эди. Беруний эса бутунлай бошқа мақсадни кўзлаганди. У ўзининг машҳур “Геодезия” (“Маконлар орасидаги масофаларни аниқлаш учун жойларнинг чегараларини белгилаш”) асарида Птолемейнинг математик усулларини “ал-Жайҳоний услуби” деб номланган маҳаллий географларнинг амалий маълумотлари билан бирлаштиришга қаттиқ уринганини ёзиб қолдирган. Бу синтезнинг амалий натижаси сифатида у аҳоли пунктларининг географик координаталари туширилган глобус яратишга киришган.
Буюк олимнинг ўзи қолдирган автобиографик маълумотлар глобуснинг нафақат яратилгани, балки аянчли тақдири ҳақида ҳам сўзлайди. Беруний ёшликда тўплаган барча илмий материаллари ва меҳнатлари самараси “тўсатдан етган бало” туфайли йўқ бўлиб кетганини афсус билан қайд этади. Бу “бало” тарихчилар томонидан Хоразмда 995 йилда юз берган сиёсий тўнтаришлар ва беқарорлик билан боғланади. Манбашунос олим П.Г.Булгаковнинг ёзишича, ўшанда Беруний ўз ватанини тарк этишга мажбур бўлган ва унинг кўп йиллик меҳнатлари, жумладан, эҳтимол, ўша ноёб глобус ҳам йўқ қилинган. Олим ўша даврни эслар экан, “тинчлик ва офатлардан омонликка умид қилиб” ўз ёзувларига таянганини айтади. Бу таъриф унинг Ғазнадаги (1017 йилдан кейинги) ёки Хоразмда кечган иккинчи давридаги (1010–1017) серташвиш ҳаётига мос келмайди. Ўша йиллари у доимий кузатувлар ва ҳисоб-китоблар билан банд бўлган. Демак, П.Г.Булгаковнинг фикрича, глобус айнан 995 йилги фожиадан аввалги, нисбатан осойишта – Хоразмдаги биринчи даврида, тахминан 990 – 995 йиллар оралиғида Хоразмнинг қадимги пойтахти Кат шаҳрида яратилган.
Беруний глобусининг илмий аҳамияти унинг ўзидан олдинги барча намуналардан тубдан фарқ қилишида эди. Бу шунчаки Ернинг думалоқ тасвири эмас, балки аниқ математик ҳисоб-китобларга асосланган илмий асбоб бўлган. Олимнинг мақсади Птолемейнинг назарий моделини Марказий Осиё географлари, савдогарлар ва сайёҳлардан тўпланган амалий маълумотлар билан бойитиш эди. У ўз даврининг Баттоний каби машҳур астрономларининг ҳатто қиблани аниқлашдаги хатоларини ҳам танқид қилиб, юксак аниқликка интилган. Шу тариқа, Беруний глобуси географик координаталар тўрига эга, ўша давр учун маълум бўлган шаҳар ва жойларнинг ўрни аниқ белгиланган мукаммал картографик иш бўлиши керак эди.
Шундай қилиб, тарихий далиллар шуни кўрсатадики, Мартин Беҳаймдан қарийб беш аср муқаддам, Хоразмнинг илмий муҳитида ёш Беруний томонидан яратилган глобус жаҳондаги биринчи илмий глобуслардан бири бўлган. Гарчи тарихнинг шафқатсиз бўронлари бу ноёб ёдгорликни бизгача етиб келишига имкон бермаган бўлса-да, унинг мавжудлиги ҳақидаги далиллар олимнинг асарларида сақланиб қолган. Бу эса нафақат Беруний даҳосига, балки Марказий Осиё биринчи Ренессанси даври илм-фанининг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс ҳиссасига ёрқин бир мисолдир.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА