Марсга бориш учун қанча маблағ керак?
Бу саволга жавобан, америкалик тадбиркор Илон Маск “бир триллион доллар”, деди.
Ҳа, “SpaceX” раҳбари таъкидлашича, одамларни Қизил сайёрага жўнатиш ҳозирги шароитда 1 триллион долларга тушаркан.
Маск нимага асосланиб ушбу рақамни келтирмоқда? Аввало, ракета яратиш керак, ясаганда ҳам ягона эмас, балки ўнлаб нусхада. Бундан ташқари парвоз билан боғлиқ бошқа ташвишлар учун ҳам маблағ сарфлашга тўғри келади. Масалан, кишиларни ушбу ғаройиб саёҳатга ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёрлаш, уларни тиббий жиҳоз, турли алоқа воситалари билан таъминлаш лозим. Хуллас, сарф-харажат ҳаддан зиёдлиги инсониятнинг Марсни эгаллаш орзусига етишни қийинлаштиради, дейди у.

Шунга қарамай, Илон инсон илк қадамини Қизил сайёрага яқин 5-10 йилда қўя олишини ишонч билан таъкидлайди.
Илон Маск нафақат омади юришган тадбиркор, балки ажойиб ғоялари билан ҳам танилган шахс. У “Тесла” компаниясини яратаётганда электромобиллар даври бошланаётганига кўпчилик ишонмаганди. Яқин-яқингача коинотга рекета учиришни фақат давлат эплайди, деган тушунча ҳам мавжуд эди. Илон Маск эса ўзининг “SpaceX” компаниясига асос солиб, айрим назарий фикрларни йўққа чиқарди. Ҳозир тадбиркор вақти-вақти билан фазога юзлаб сунъий йўлдошларни учиряпти. Унинг мақсади сайёрамизни интернет билан тўлиқ таъминлаш. Миллиардернинг ҳақиқий ҳаётга анча яқин хаёлот оламидаги яна бир йўналиш – унинг Қизил сайёрага бўлган қизиқиши. Ҳозиргача Марсга турли аппаратлар учирилди, сайёранинг суратлари олинди, тупроғидан намуна келтирилди. Энди ўша ёққа одам жўнатиш вақти ҳам келди, деб ҳисобламоқда Илон Маск.
Марсда шаҳар қуриш ғояси ҳам Маскка тегишли.
Илоннинг айтишича, Марсга бормоқчи бўлган ерликлар чипта сотиб олади, чипта нархи эса даъвогар яшаётган мамлакат иқтисодий аҳволига қараб белгиланади. Маскнинг режаси Марсга саёҳатни имкон даражасида арзонлаштириш. Унинг фикрича, Қизил сайёрада шаҳар қурилиши учун, тахминан, бир миллион киши жалб қилиниши керак.
Хуллас, тадбиркорнинг нияти - ким истаса, ўша одамга Марсни кўрсатиш. У шартли равишда 100 миллион доллар тўплаш учун ишлаш ёки кредит олиш мумкинлигини қўшимча қилади.
Маск сценарийси бўйича айримлар коинотга саёҳат қилиш учун уйини ёки бошқа мулкини сотади. Эҳтимол, кимгадир ҳукумат ҳомийлик қилар?..
Илон Маск 10 йил давомида 1000 та “SpaceX” фазо кемаси қуришни режалаштирган. Қизил сайёрага биринчи фазо кемаси синов тариқасида 2029 йил учирилиши кутиляпти.
Марсга етиб бориш бир ёки икки кунлик иш эмас. Унга ҳозирги шароитда ойлаб парвоз қилинади. Шубҳасиз, бундай саёҳатнинг энг қулай варианти ишлаб чиқилиши лозим. Европа коинот агентлиги (ЕКА) экспертлари космонавтларни Марсга етказишнинг энг мақбул йўли уларни ухлатиб қўйиш эканини таъкидламоқда. Мутахассислар фикрича, уйқу режими коинот сафарига чиқиш учун энг зўр ечим бўлиши мумкин. Хулоса шуки, Қизил сайёрага отланган фазогир уч ойдан тўққиз ойгача уйқу ҳолатида бўлади, яъни махсус капсулада ухлатиб қўйилади.

“Neuroscience & Biobehavioral Reviews” журналида эълон қилинган мақолада Марсга етиб бориш учун уйқу режимидан яхшироқ усул йўқ, деган фикр илгари сурилган.
Масалан, айиқ қишда пинакка кетганда оз қувват сарфлайди, чунки мускул ва суякларини чарчатиб қўймаслиги учун, деярли, қимирлатмайди. Уйқу жониворни озиб, силласи қуриб қолишдан асрайди. Фазогирлар ҳам парвоз вақтида, вазнсизлик ҳолатида мускулларини кам ишлатади. Уйқудаги киши озиқ-овқат ва сувга кўп зарурат сезмайди. Қолаверса, бунда жой ва ёқилғи ҳам тежалади. Хусусан, Марсга парвоз қилиш учун, тахминан, икки йилга етадиган озиқ-овқат ва сув захираси керак. Гибернация (моҳиятан, куч ва энергия тежаладиган тартиб) ҳолатида экипажнинг метаболизм тезлиги оддий ҳолатга нисбатан 25 фоиз пасаяди.

«Инсон гибернацияси илмий фантастика доирасидан чиқиб, космик саёҳат учун инқилобий техника воситасига айланиши мумкин». “ЕКА” ҳисоботидан келтирилган бу парчада гап уйқу ҳолати уч ойдан тўққиз ойгача чўзилиши ҳақида кетяпти.
Уйқу ҳолатидаги экипаж бутун парвоз давомида махсус капсулаларда тананинг ҳолати, ҳарорати ва юрак қисқариши тезлигини назорат қилиб турадиган ўлчов асбоблари (датчиклар)га уланган тарзда ётади.
Юмшоқ қобиқли контейнер кучсиз ёритилган ва юқори намликка эга осуда муҳитга жойлаштирилган бўлади. “ЕКА” маълумотига кўра, фазогирга қизиб кетмайдиган кийим кийдирилади. Бундай либос организм учун қулай ҳолатни таъминлайди.
Хуллас, инсон тафаккури ғоя яратишдан тўхтамайди. Режа ҳаётий ва тараққиёт учун зарур бўлса, албатта, амалга оширилади. Одамзот яралибдики, мудом шундай. Демак, сайёрадошларимизнинг Қизил сайёрани бориб кўриш орзуси ҳам вақти келиб амалга ошажак.
Саидмурод Раҳимов,
ЎзА шарҳловчиси