Мулоҳаза
Сўнгги йилларда жамиятимизда тўй арафасидаги янги турдаги маросимлар, жумладан, “Marry me” деб ном олган таклиф маросими тобора кенг тарқалмоқда. Аслида бу анъана Ғарб жамиятларида ўзаро муҳаббат ва никоҳ таклифини расмийлаштириш, уни романтик тарзда ифода этиш воситаси сифатида қаралади. Бироқ, бугунги кунда ушбу маросим бизда ҳам оммалашиб, айрим ҳолларда тўй маросимининг “мажбурий қисми” сифатида қабул қилина бошланди.
Аммо бу янгича маросим бизнинг маданиятимиз, қадриятларимиз ва ҳаётий фалсафамиз билан уйғунлашадими? Ёки бу фақат кўриниш, контент ва шоу учун яратилаётган сохта байрамми?
Ғарбда “Marry me” – бу жуфтлик ўртасидаги ҳал қилувчи босқич, яъни никоҳ таклифи. Одатда, бу воқеа ҳали тўй режалари тузилмасидан аввал, келажакдаги оила қуриш ҳақидаги биринчи жиддий қадам сифатида бажарилади. Бу – бир инсоннинг иккинчисига бўлган ишончи, муҳаббати ва садоқатини расмий ва шахсий тарзда ифода этиш маросими. Энг муҳими, ушбу маросим шахсий ва ички ҳис-туйғулар асосида содир бўлади. Оммавийлаштириш ёки “кўрсатиш” учун эмас.
Ўзбек жамиятида “Marry me” маросими кўпроқ кўнгилочар тус касб этмоқда. Тўй аниқ бўлгач, келин ва куёв ижросида махсус шоу сифатида ташкил этилади. Кўп ҳолларда у ижтимоий тармоқларда тарқатиш, видеога олиш, эстетик безаклар билан бойитиш ва меҳмонларнинг кўриши учун амалга оширилади. Бундай ҳолатда маросимнинг асл фалсафаси чин юракдан берилган никоҳ таклифи йўқолгандек бўлади.
Бундан ҳам ёмони айрим ҳолларда бу мажбурий “трендга эргашиш” босими остида амалга оширилмоқда. Шунда бу маросим жуфтлик учун ҳиссий, чуқур, ҳаётий ҳодисадан кўра, оддийгина навбатдаги декоратив байрамга айланади.
“Marry me” маросимининг бу тарзда шоуга айланиши жамиятда баъзан салбий оқибатларга ҳам олиб келмоқда. Мисол учун, вазият сунъийлашади, жуфтликлар орасида чин ҳислар ўрнига ташқи кўринишга урғу кучаяди. Ҳар бир тўй олдидан “Marry me” қилишга мажбурият каби қаралади. Маблағ сарфи ҳам асоссиз ортади. Мазмунсиз маросимлар учун катта бюджет ажратилади.
Шу ўринда, ҳар бир “Marry me” маросимини тўлақонли сунъий деб айтиш ҳам адолатcизлик бўларди. Баъзи жуфтликлар ушбу маросимни йиллар давомида шаклланган муносабатларини мустаҳкамлаш, эсдалик сифатида абадийлаштириш ёки яқинларига чин дилдан ҳисларини изҳор этиш учун амалга оширишмоқда. Бундай ҳолларда маросим шакли қандай бўлишидан қатъи назар, мазмун устувор бўлиб қолади.
“Marry me” – бу бизнинг қадимдан мавжуд тўй анъаналаримиздаги “фотиҳа”, “совчилар юбориш” каби маросимларга ўхшамайдиган, бутунлай бошқа тарихий ва маданий илдизга эга бўлган ҳодиса. Уни кўр-кўрона қабул қилиш эмас, балки чуқур таҳлил қилиш зарур.
Энг муҳим жиҳат – ушбу маросим жуфтлик орасидаги садоқат, меҳр ва ҳаётий қарорларининг рамзи бўлишидир, шунчаки ижтимоий тармоқ контенти эмас. Шундай экан, “Marry me” қилишдан аввал, саволни ўзимизга берайлик: бу бизнинг шахсий хоҳишимиз учунми ёки бошқаларнинг эътибори учун?
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА