Марра забт этилди, далада ҳосил кўп
Андижон вилояти Балиқчи ва Избоскан тумани деҳқонлари ғалла топшириш режасини бажарди.
Балиқчи тумани деҳқонлари томонидан 6 минг 966 гектар майдонда буғдой етиштирилди. Туман ғаллакорлари 20 минг 532 тонна ғалла топшириб, белгиланган режани 101 фоизга бажарди.

Избоскан туманида эса 6 минг 265 гектар майдонга буғдой экилиб, белгиланган агротехник тадбирлар асосида парваришланди. Деҳқонлар мўл ҳосил олиб, қабул пунктларига 18 минг 910 тонна дон етказиб берди. Етиштирилган ҳосилнинг 160 тоннасини уруғлик дон ташкил этди. Туман ғаллакорлари эришган ютуққа «Избоскан она ер саховати», «Маматов Насрулло», «Избоскан саховат замини», «Асл умид диёри», «Абдуқаҳҳор ҳосили» каби илғор фермер хўжаликлари муносиб ҳисса қўшди.

Тумандаги фермер хўжаликлари томонидан режадан ортган ҳосил ҳисобидан «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларга 200 килограммдан буғдой берилди. Бундан ташқари, 3 минг 288 нафар фуқарога буғдойдан бўшаган майдонлардан 328,8 гектар ер такрорий экин экиш учун ажратиб берилди. Фермер хўжаликлари томонидан ажратилган ерлар экин экиш учун тахт ҳолга келтириб берилмоқда.
Ф.Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.
З.Умрзоқов (сурат)