Мали ҳукумати маълум қилишича, ўтган ҳафта Марокаш ҳудудида сувга чўкиб кетган қайиқдаги 70 га яқин одамнинг тақдири номаълум.
“Испанияга кетаётган қайиқда 80 киши бўлган. Афсуски, қурбонлар орасида 25 нафар малилик ёшлар аниқланган”, дея ҳукумат баёнотидан иқтибос келтирган Франс Пресс агентлиги.
11 нафар йўловчи қутқарилган.
Ўтган ҳафта Испания Ички ишлар вазирлиги шу йил мамлакатга денгиз орқали рекорд миқдордаги ноқонуний муҳожир кирганини маълум қилди. 2024 йил январидан 15 декабрга қадар айни кўрсаткич 57 738 нафарни ташкил этган. Бу 2018 йилда қайд қилинган рекорддан ҳам кўп. Мигрантларнинг аксари - 43 737 киши Канар оролларига тушган. Декабрь ойи биринчи ярмида 2312 киши дунёдаги энг хавфли миграция йўналишларидан бири орқали архипелагга етиб келди.
Муҳожирлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш гуруҳи Cаминандо Фронтерас аввалроқ, 2024 йилнинг дастлабки беш ойида Испанияга етиб боришга ҳаракат қилган 5000 дан зиёд муҳожир ҳалок бўлгани, бу ҳар куни ўртача 33 ўлим ҳолатига тўғри келганини билдирган эди.