Марокашда ниқоб тақиш мажбурий бўлди
Лондонда араб тилида нашр этиладиган “аш-Шарқ ал-Авсат” (“Яқин Шарқ”) газетаси 8 апрелдаги сонида Африка шимоли-шарқида жойлашган йирик араб мамлакати Марокашда коронавирусга чалинганнинг умумий сони 1 минг 184 кишига етганини маълум қилди.
Лондонда араб тилида нашр этиладиган “аш-Шарқ ал-Авсат” (“Яқин Шарқ”) газетаси 8 апрелдаги сонида Африка шимоли-шарқида жойлашган йирик араб мамлакати Марокашда коронавирусга чалинганнинг умумий сони 1 минг 184 кишига етганини маълум қилди. Шу куни 12 киши тузалиб, уларнинг умумий сони 93 кишини ташкил этди. Аммо 10 киши вафот этиб, қурбонларнинг умумий сони 90 кишига кўтарилди.
Касалланганлар сони ошиши сабабли 7 апрелдан эътиборан Марокашда ниқоб тақиш мажбурий қилиб қўйилди. Мазкур қоидани бузганлар қамоқ жазосига ҳукм қилинади ёки жаримага тортилади.
Ҳукумат аҳолини тиббий ниқоблар билан етарлича ва мақбул нархларда таъминлаш чораларини кўрмоқда. Жумладан, мамлакатдаги икки фабрикага ниқобларни аҳоли эҳтиёжларини таъминлайдиган миқдорда ишлаб чиқариш топширилди.
Коронавирусга қарши кураш бўйича тузилган махсус жамғарма ёрдамида 1 дона ниқоб нархи 0,8 марокаш дирҳами (тахминан 8 АҚШ центи)га тенг этиб белгиланди. Ниқоб тақмаган шахслар 1 ойдан 3 ойгача қамалади ёки 300 дан 1 минг 300 марокаш дирҳами (тахминан 29-127 АҚШ доллари) ҳажмида жаримага тортилади. Баъзи ҳолларда айбдор иккала жазога ҳукм қилиниши ҳам мумкин.
Марокаш маъмурлари мамлакатда аккредитация қилинган журналистларни коронавирус ҳақида ҳақиқатни ёзишга ва аҳоли орасида ваҳима келтириб чиқармасликка, касб одоби меъёрларидан четга чиқмасликка чақирмоқда.