_
-2030 йилгача 700 миллиондан ортиқ киши сув танқислиги туфайли ўзлари яшаб турган ҳудудларини тарк этишга мажбур бўлиши мумкин.
-2040 йилга бориб 17 та мамлакат, жумладан, Ўзбекистон экстремал сув танқислиги шароитида яшашга мажбур бўлади.
-Ўзбекистонда сувнинг 90 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалигига ишлатилади, аммо ҳар йили 40 фоизгача сув бекор исроф бўлади.
-Сув дипломатиясини олиб бориш, сув ресурслари бўйича очиқ ва манфаатли келишувлар тузиш лозим.
Бугунги кунда бутун Ер сайёрасида сув танқислиги муаммоси кескинлашиб, инсоният ҳаётига катта хавф туғдирмоқда. Мутахассислар, олимлар сув етишмовчилигининг хавфли оқибатлари ҳақида тез-тез огоҳлантиришмоқда.

Юртимизда ҳам сув муаммоси энг долзарблашиб бораётган масалалардан. Бу борада «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини "Атроф-муҳитни асраш ва "яшил" иқтисодиёт йили"да амалга оширишга оид давлат дастурида ҳам бир қатор муҳим вазифалар кўзда тутилган. Жумладан, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, бунда қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган сувларни ҳисобга олиш ва мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, тупроқ қопламали каналларни бетон қопламага ўтказиш ҳамда ёпиқ қувурли суғориш тармоқларини реконструкция қилиш орқали ирригация тизими ва суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти кўрсаткичини 0,68 гача етказиш каби бир қатор муҳим мақсад ва вазифалар ўз аксини топган.

Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти илмий ходими Алишер Худойбердиев сув танқислигининг юзага келиши ва бунинг олдини олиш чоралари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Сув танқислиги, чучук сувнинг камайиб кетаётгани глобал экологик муаммолардан биридир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, 2030 йилгача 700 миллиондан ортиқ киши сув танқислиги туфайли ўзлари яшаб турган ҳудудларини тарк этишга мажбур бўлиши мумкин. World Resources Institute тадқиқот маркази тахминларига кўра, 2040 йилга бориб 17 та мамлакат, жумладан, Яқин Шарқ, Шимолий Африка мамлакатлари, Ҳиндистон, Покистон ва Ўзбекистон экстремал сув танқислиги шароитида яшашга мажбур бўлади.
Марказий Осиё сув етишмовчилигининг танқидий босқичига кириб бормоқда. Иқлим ўзгариши, аҳоли ўсиши ва давлатлар ўртасидаги сув масаласи бўйича координациянинг етишмаслиги сабабли бутун минтақани 5-10 йил ичида катта сув инқирози кутиб турибди.

Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида сув инқирози таҳдиди остига тушувчи давлатлар орасида энг заифи ҳисобланади. Бу вазият Ўзбекистон учун ўта хавфлилигининг сабаби 80 фоиз сув бизга “ташқаридан” келади. Яъни, Ўзбекистон сувнинг асосий қисмини олувчи Амударё ва Сирдарё дарёлари Қирғизистон ва Тожикистондан бошланади. У ердаги ҳар қандай ўзгариш биз учун хавф туғдиради.
Ҳаммамизга маълумки, дарёларда йилдан-йилга сув камайиб боряпти. Иқлим тобора исиб бориши туфайли сувнинг асосий манбаси бўлган музликлар тез суръатда эрияпти. 2035 йилга келиб, сув оқимининг кескин камайиши кутилмоқда. Қурғоқчилик эса тобора кўпаймоқда ва узоқ давом этмоқда.
Ўзбекистонда сувнинг 90 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалигига ишлатилади. Аммо ҳар йили 40 фоизгача сув унинг нотўғри оқиши, сув буғланиши ва сувнинг нотўғри тақсимот қилиниши сабабли бекор исроф бўлади. Шу боис ҳам мамлакатимизда ирригация тизимлари ҳолатини яхшилаш, ариқ ва каналларни бетонлаштириш, сув тежовчи технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Яна бир омил — шаҳарларнинг кўпайиши ва катталашиши туфайли ҳам сувга бўлган талаб ортиб боряпти. Тошкент, Самарқанд, Наманган каби йирик шаҳарлар йил сайин кўпроқ сув талаб қилмоқда. Сувни етказиб берадиган мавжуд инфратузилма эса етарли эмас.
Сув танқислиги билан курашиш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан. Хўш, бу борада нималар қилишимиз керак? Аввало, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш лозим. Томчилаб суғориш, ёмғирлатиб суғориш, сувни тежайдиган технологиялардан кенг фойдаланиш ва сувни кўп талаб қилувчи экинлардан воз кечиш керак. Шунингдек, сув дипломатиясини олиб бориш, хусусан, Қирғизистон ва Тожикистон билан сув ресурслари бўйича янги, очиқ ва манфаатли келишувлар тузишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Бу сув хавфсизлигининг калитидир.
Бундан ташқари, сувни тежаш бўйича янги инфратузилмани қуриш вақти келди. Яъни, сувни сақлаш, йўқотишни камайтириш, ёмғир сувини тўплаш ва уни қайта ишлаш каби тизимларни жорий этиш лозим.
Энг муҳим омиллардан бири эса аҳолида экологик маданиятни, жамоавий онгни юксалтириш керак. Сувни эҳтиёткорлик билан, тежамкорона ва исроф қилмасдан ишлатиш маданиятини оиладан, мактабдан ва маҳалладан бошлаб шакллантириш керак.
Муҳтарама Комилова, ЎзА