
Бутунжаҳон жамғариш куни – жамиятда молиявий саводхонликни ошириш, жамғариш маданиятини шакллантириш ва иқтисодий билимларни тарғиб этиш мақсадида дунё миқёсида кенг нишонланади. Ушбу сана муносабати билан мамлакатимизда ҳам турли тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун тарихий-маърифий экскурсия ташкил этилди.
Юнусобод туманидаги 240-мактаб ва Олмазор туманидаги 28-ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари учун ташкил этилган тадбирда 30 дан зиёд ўқувчи иштирок этди. Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясининг “Нумизматика” бўлимига уюштирилган саёҳатда ўқувчиларга Ўрта Осиёдаги пул айланмаси тарихи ҳақида батафсил маълумот берилди.
Экскурсия давомида иштирокчилар нумизматика илми, яъни тангалар ва пул белгиларини ўрганиш орқали тарихни талқин қилиш усуллари билан танишди. Санъатшунос Саодат Рўзиеванинг таъкидлашича, танга — бу фақат молиявий восита эмас, балки муайян тарихий даврнинг иқтисодий ҳолати, маданий даражаси ва давлатчилик тизимини акс эттирувчи ёдгорликдир.
Ҳақиқатдан ҳам ҳар бир танга ортида муайян бир сиёсий тузум, идеологик қараш, диний ёки эстетик қадрият мужассам. Масалан, Аҳамонийлар сулоласига тегишли тангаларда зардуштлик рамзлари учрайди, Ислом даври тангаларда эса куфий хатда ёзилган диний иқтибослар, ҳукмдор исми ва ҳижрий сана акс этган. Ўрта Осиё ҳудуди тарихан кўплаб савдо йўлларининг чорраҳасида жойлашган. Хусусан, Ипак йўли орқали шарқдан ғарбга ва аксинча йўл олган савдогарлар тангаларнинг хилма-хиллигини шакллантирган. Бир вақтнинг ўзида араб, сосоний, хитой, ҳинд тангалари ҳудудда эркин айланган. Бу ҳолат эса минтақа иқтисодиётининг очиқлиги, халқаро савдо муносабатларининг юқори даражада эканидан далолат беради.
Темурийлар даврида танга зарб этиш анча тартибга солинди. Хусусан тангаларнинг вазни, металли ва тасвири қатъий мезонларга асосланди. Улуғбек тангаларида кузатиладиган аниқлик ва услубий бирлик унинг илм-фанга, аниқ ҳисоб-китобга бўлган юксак эътибордан дарак беради. Кейинги асрларда, хонликлар даврида тангаларда маҳаллий хусусиятлар кучайган, баъзан бир ҳудудда бир неча хил тангалар муомалада бўлган.
Таълимий нуқтаи назардан бундай тадбирлар ёш авлоднинг назарий билимларини амалий мисоллар орқали мустаҳкамлашга ёрдам беради. Айниқса, тарих, санъат ва иқтисодиёт фани билан боғлиқ йўналишларда таҳсил олувчи ўқувчилар учун нумизматик экспозициялар катта аҳамиятга эга. Тарбиявий жиҳатдан эса тангаларни ўрганиш орқали ёшларда миллий меросга, тарихга ва маданий қадриятларга ҳурмат уйғонади. Нумизматика — бу фақат тарих эмас, балки инсоният цивилизациясининг моддий ва маънавий тараққиётини акс эттирувчи кўзгу ҳисобланади.
[gallery-22750]
Мазкур маънавий-маърифий тадбир нафақат молиявий саводхонликни ошириш, балки миллий меросни англаш, ёшларда илмий дунёқарашни шакллантириш борасида муҳим аҳамият касб этади. Тарихий тангалар коллекцияси орқали ўтмишга саёҳат қилиш, унинг ҳар бир рамзи ва шаклида миллий ўзликни топиш — бу таълимнинг энг самарали шаклларидан биридир. Шунинг учун бундай экскурсиялар мактаб таълими тизимида доимий равишда ўтказилиши, улар орқали илмий таҳлил ва ижодий тафаккурни ривожлантириш лозим.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати