Сўнгги йилларда дунё жиддий геосиёсий силжишлар, янги хавф ва таҳдидлар, ҳамда халқаро тизимдаги беқарорлик билан юзлашмоқда. БМТ маълумотларига кўра, жорий йилда глобал миқёсда қуролли можаролар сони Иккинчи жаҳон урушидан бери энг юқори даражага етган.
Шу билан бирга, нуфузли ташкилотлар ва турли сиёсий бошқарув институтлари заифлашиб бораётгани фонида минтақавий бирдамлик ва ҳамкорлик барқарорликни таъминлашнинг муҳим омилига айланмоқда.
Бу жараёнларда Марказий Осиё минтақаси алоҳида аҳамият касб этади. Қадимдан цивилизациялар чорраҳаси бўлган бу ҳудуд бугунги кунда ҳам ўзининг геосиёсий, иқтисодий ва маданий ўрнини мустаҳкамламоқда. Сўнгги йилларда минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро ишонч, сиёсий мулоқот ва иқтисодий интеграция жараёнларининг фаоллашуви янги босқичга кўтарилмоқда, дейиш мумкин.
Буюк Ипак йўли даврида бу минтақа савдо, фан ва дипломатия марказига айланган. Аммо мустақилликнинг дастлабки йилларида ҳар бир давлат суверенитетни мустаҳкамлаш, миллий манфаатларни ҳимоя қилишга эътибор қаратгани боис, минтақавий интеграция жараёнлари бироз суст кечди. Чегара, сув ресурслари, транспорт алоқалари ва ишонч етишмаслиги каби муаммолар узоқ вақт давомида минтақавий яқинлашувга тўсиқ бўлиб келди.
Бироқ 2016–2017 йиллардан бошлаб Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги мулоқот янги босқичга чиқди. “Марказий Осиё – барқарорлик, тараққиёт ва ҳамкорлик минтақаси” концепцияси асосида минтақавий интеграция конструктив, амалий ва ўзаро манфаатли йўналишда ривожланмоқда. Бу концепция асосида қуйидаги бешта ўзаро боғлиқ стратегик йўналиш шаклланди:
- Сиёсий мулоқот ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш.
- Иқтисодий интеграция ва савдо алоқаларини ривожлантириш.
- Сув-енергетика соҳасида манфаатли ҳамкорлик.
- Хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш.
- Маданий-гуманитар ҳамкорлик.
Давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги интеграция жараёнлари сўнгги йилларда янги сифат босқичига кўтарилди. Бу жараён сиёсий, иқтисодий, хавфсизлик ва маданий-гуманитар соҳаларда амалий натижалар бериб, минтақани “қарама-қаршилик ҳудуди”дан “ҳамкорлик ва барқарорлик ҳудуди”га айлантирмоқда.
Интеграциянинг асосий ғояси – “умумий тақдир ва умумий келажак минтақаси” концепциясидир. У миллий манфаатларни минтақавий контекстда кўриш заруратини кучайтириб, ҳамкорликни институционал асосга қўйди.
Қайд этиш керак, 2017 йилдан бошлаб Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари мунтазам ўтказилиб, ушбу формат доирасида минтақавий муаммоларни очиқ мулоқот орқали ҳал этиш, сиёсий ишончни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни мувофиқлаштириш имконияти юзага келди. Натижада чегара масалаларида келишувларга эришилди, ҳамкорликни чуқурлаштирувчи ҳужжатлар имзоланди ва халқаро майдонда минтақавий позициялар мувофиқлаштирилди.
Қолаверса, иқтисодий ҳамкорлик жадаллашди. Икки ва кўп томонлама савдо ҳажми сезиларли ошди, божхона тартиблари соддалаштирилди, транзит тўсиқлари қисқарди. Бу истиқболда ягона иқтисодий бозор шакллантириш – товарлар, хизматлар, сармоя ва меҳнат ҳаракатини эркинлаштириш имконини беради. Янги темир йўл ва автомобиль йўллари минтақани глобал иқтисодиёт билан боғлади.
Сув-енергетика соҳасида конструктив ёндашув натижасида трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш бўйича қўшма комиссиялар фаолият юритмоқда. Сув ва энергия алмашинуви механизмлари такомиллашиб, экологик мониторинг дастурлари йўлга қўйилди. Бу чора-тадбирлар минтақа хавфсизлиги ва барқарор ривожланиши учун стратегик аҳамият касб этади.
Шунингдек, терроризм, экстремизм, наркотрафик ва трансмиллий жиноятчиликка қарши қўшма дастурлар амалга оширилди. Ўзбекистоннинг Афғонистон тинчлик жараёнларини қўллаб-қувватлаш ташаббуслари халқаро майдонда ҳам алоҳида эътироф этилмоқда.
“Марказий Осиё маданий мероси ҳафталиги” каби қўшма тадбирлар ўтказилмоқда, ёшлар ва олимлар ўртасида алмашинув дастурлари кенгаймоқда, туризм ва илмий ҳамкорлик ривожланмоқда. Бундай ташаббуслар халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаб, минтақанинг “маданий уйғунлик макони” сифатидаги қиёфасини янада мустаҳкамлайди. Ёшлар сиёсати ва таълимни интеграциялаштириш орқали минтақавий тафаккурни мустаҳкамлаш имкони юзага келмоқда. Бу мақсадлар амалга ошса, Марказий Осиё нафақат иқтисодий ривожланиш, балки сиёсий барқарорлик ва цивилизацион уйғунлик макони сифатида шаклланиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари Марказий Осиё интеграциясини назарий ғоядан амалий ҳақиқатга айлантирди. Сиёсий мулоқотнинг йўлга қўйилиши, иқтисодий алоқаларнинг фаоллашуви, сув-енергетика ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик, маданий яқинликнинг кучайиши минтақада янги даврни бошлаб берди.
Интеграция жараёнлари реал натижалар ва янги институционал шаклланиш босқичига ўтди. Ўзбекистон илгари сурган очиқлик ва ишонч тамойиллари давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаб, минтақани глобал ўзгаришлар шароитида барқарор тараққиёт йўлига олиб чиқди. Шу тариқа, Марказий Осиё бугун ўзаро ишонч ва прагматик ҳамкорликка асосланган янги интеграцион моделни шакллантирмоқда. Бу эса уни XXIасрнинг янги минтақавий барқарорлик намунасига айлантирмоқда.
Мухтор Назиров,
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси доценти,
Мусурмон Хуррамов,
тарих фанлар бўйича фалсафа доктори.
ЎзА