Марказий Осиёда ислом цивилизацияси: ўтмиш ва ҳозирги замон
Марказий Осиё минтақаси жаҳон цивилизацияси марказларидан бири сифатида эътироф этилади.
Аждодларимиз тафаккури билан қадимги тошёзув ва битиклар, минг-минглаб қўлёзмалар, турли соҳаларга оид фундаментал асарлар яратилган. Мазкур сарҳаддан жаҳон илм-фан тараққиёти ривожига беқиёс ҳисса қўшган, илм-фаннинг барча соҳалари, жумладан, исломий илмларда ҳам жаҳонга донг таратган буюк алломалар камол топган.
Башарият тамаддунининг нодир саҳифалари ана шундай буюк ва мўътабар зотларнинг ҳаётлари билан чамбарчас боғлиқдир. Минтақа халқлари тарихи, маданияти, диний анъана ва урф-одатлари, аллома ва олимлар ҳаёт йўлларини ўрганиш, уларнинг меросини тадқиқ этиш муҳим вазифа саналади. Сўнгги йилларда ўтмишда яшаб ўтган аждодлар илмий меросини тадқиқ этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Марказий Осиёда ислом цивилизациясининг ўрнини ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида “Марказий Осиёда ислом цивилизацияси: ўтмиш ва ҳозирги замон” мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
Тадбир IRCICA – Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш халқаро маркази ҳамда Ислом тарихи ва манбашунослиги – IRCICA кафедраси ҳамкорлигида ташкил этилди. Халқаро анжуман “Марказий Осиё минтақасида ислом маданияти ва санъати”, “Марказий Осиё мутафаккирлари илмий-маънавий мероси”, “Марказий Осиё тарихий ёдгорликлари эпиграфикаси ва архитектураси” ҳамда “Марказий Осиё халқларининг урф-одат ва анъаналаридаги умумийлик ва ўзига хослик” каби йўналишларга бўлинди.
Конференцияни Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров, IRCICA – Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш халқаро маркази бош директори Маҳмуд Эрол Қилич ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов табрик сўзлари билан очиб, анжуман ишига муваффақият тиладилар.
Онлайн форматда ўтказилган тадбирни Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ислом тарихи ва манбашунослиги– IRCICA кафедраси мудири, тарих фанлари доктори Неъматулло Муҳамедов олиб борди.
Нуфузли илм машваратида Истанбул техника университети Архитектура факультети доценти Арас Нефтчи, IRCICA – Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш халқаро маркази тарих фанлари доктори, профессор Аширбек Мўминов, тадқиқотчи Вейсел Булут, IRCICA ташкилоти Санъат ва ҳунармандчилик дастури раҳбари ва Хаттотлик бўлими мудири Саид Касимоглу, Туркиянинг Мармара университети Илоҳиёт кафедраси профессори Неждет Тосун, Марказий илмий кутубхона, Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан бўйича вазирликка қарашли Марказий илмий кутубхона мудири Гулшат Абикова, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов, халқаро илмий-тадқиқот маркази директорлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессорлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳамкор муассасалар раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар, илмий-тадқиқотчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
Илмий-амалий анжуманда “Марказий Осиё цивилизацияси ва архитектураси хусусиятлари”, “Мовароуннаҳр илмий-маданий марказлари”, “Самарқанд ва Бухорода фанлар тарихини ўрганишда ал-Ҳасирий ижодининг аҳамияти”, “Маҳмуд Замахшарий илмий меросига оид янги маълумотлар”, “Хаттотликнинг ислом маданиятидаги ўрни ва аҳамияти (IRCICA фаолияти мисолида)”, “Мусулмон шарқида кутубхоначилик тарихи ва анъаналари”, “Ўрта Осиёлик суфий ва шоир Салоҳиддин Соқиб Ўший (1843-1910)”, “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг мўътадил ислом тарғиботидаги ўрни”, “Қозоғистондаги биринчи китоб музейининг тарихи”, “Ислом цивилизацияси ривожида Термизий алломаларининг тутган ўрни”, “Марказий Осиёдаги ислом маданияти ва санъатини ўрганиш хусусиятлари” каби мавзулардаги маърузалари тингланди.
Конференцияда Марказий Осиё халқлари тарихи ва маданияти ҳамда ёзма ёдгорликлари ва илмий меросига оид мавзулар ҳам муҳокама қилинди. Анжуман мавзулари хилма-хил ва долзарб бўлиб, унда республикамиздаги таниқли олимлар, тарихчилар, исломшунослар, этнографлар ва манбашуносларнинг маърузалари орқали ўзининг амалий ифодасини топди.
– Ислом цивилизацияси ривожлана бошлагач, у турли йўналишларга ажралиб, ўзига хос қадриятлари билан шаклланди, – дейди IRCICA ташкилоти Санъат ва ҳунармандчилик дастури раҳбари ва Хаттотлик бўлими мудири Саид Касимоглу. – Бу санъат турларидан бири хаттотликдир. Хаттотлик – ислом цивилизацияси доирасида араб ёзувига қараб туғилиб ривожланган тасвирий санъат турларидан бири ҳисобланади.
Ислом кириб келган ва тарқалган жамиятларнинг маданий меросида хаттотлик санъати алоҳида ўрин тутади. Хаттотлик санъати билан сўзнинг чиройи маъно муқаддаслиги билан бирлаштирилган. Одамларга маълумот етказишнинг энг қимматли воситаларидан бирига айланди. Унинг ёрдамида гўзалликни идрок этиш ҳисси ривожланади. Бундан ташқари, хаттотлик санъати нарсаларнинг моддий ва маънавий қийматини оширувчи ва уларга юқори бадиий баҳо берадиган сеҳрли ва таъсирли алоқа ҳисобланади.
Мен ишонаманки, ислом олами хаттотлиги ҳар доим мусулмон жамиятларининг маданий ҳаётида алоҳида ўрнини сақлаб, ҳар қандай маданият вакиллари ва санъат ихлосмандларининг эътиборини тортади. Бошқа томондан, IRCICA бу санъатни асл манбаси ва анъанавий тамойиллари билан уйғун ҳолда сақлаш ва ривожлантириш мақсадида ишлашни ва тадбирларни ташкил қилишни давом эттиради.
Анжуман давомида сўнгги йилларда юртимизда Учинчи Ренессанснинг илмий-маънавий пойдеворини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, мамлакатнинг ислом сивилизациясини ривожлантириш борасидаги ролини янада ошириш ҳамда буюк алломаларнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини миллий ва халқаро миқёсда оммалаштириш жараёни қизғин давом этаётганлиги таъкидланди.
Дарҳақиқат, юртимиздаги умуммиллий юксалишлар, тарихий уйғониш жараёнларининг илдизлари, унинг мазмун-моҳиятини аҳоли, айниқса, ёшларга етказиш, уларни илм-маърифатга даъват этиш борасида сезиларли қадамлар ташланмоқда. Муқаддас ислом дини билан боғлиқ бой мерос илмий тадқиқ этилиб, унинг Марказий Осиё цивилизацияси ривожидаги ўрни инновацион усуллар орқали тарғиб қилинмоқда.
Айниқса, тобора қад ростлаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази “Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон” ғоясини кенг тарғиб қилувчи, мамлакат тарихининг янги юксалиш давридаги ютуқларини илмий асосда ўрганувчи, уни кенг жамоатчиликка етказиб берувчи ҳамда моддий-маданий мерос намуналари, ислом дини билан боғлиқ қадимий ва бой анъаналарни тарғиб қилувчи илмий-маърифий маскан бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
Конференцияда сўзга чиққанлар Марказий Осиёнинг ислом цивилизацияси ривожидаги тарихий ўрни, минтақа алломаларининг илмий-маънавий меросини ўрганиш борасида тадқиқотчиларнинг олиб борган илмий-ижодий изланишлари ва тадқиқотлари натижаларини кенг тарғиб этиш борасида келишиб олишди. Бу ҳақда Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати маълум қилмоқда.
Қизғин мунозара, савол-жавоблар остида ўтган онлайн-анжуман йиғилганларда катта таассурот қолдирди.



Н.Усмонова,
ЎзА