Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги Шарқ маданияти ва меросини тадқиқ этиш илмий- тадқиқот марказида “Марказий Осиё – жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” номли илмий тўплам нашрдан чиқди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясидаги нутқи жаҳон жамоатчилиги томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. ОАВ орқали юртимиз ва дунёдаги бир қанча сиёсий институтлар ва халқаро ташкилот вакиллари, нуфузли давлат ва жамоат арбоблари ушбу нутқнинг глобал аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Давлатимиз раҳбари илгари сурган бир қатор муҳим ташаббуслар қаторида 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” деган мавзуда халқаро форумни ўтказиш тўғрисидаги ташаббус алоҳида муҳим аҳамиятга эгадир. Дарҳақиқат, Марказий Осиёнинг бой ва қадимий тарихи, улкан цивилизация хазинаси жаҳон маънавий-маърифий тараққиётининг муҳим маёғи ҳисобланади. Бу ерда ижод қилган буюк алломалар ва уларнинг илмий мероси ҳамда бутун жаҳон цивилизациясидаги юксак ролини нафақат минтақада, балки халқаро илмий тадқиқотларда қайтадан кашф этиш, ўрганилмаган ноёб қўлёзмалар, нодир манбалар, Шарқ архив материалларини синчиклаб ўрганиш, ёшларни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлида буюк аждодлар илмидан тўлиқ бохабар этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир.
Мазкур тўпламдан ўрин олган илмий мақолаларда Марказий Осиё қадим замонлардан бери турли халқлар, маданиятлар ва динларнинг тарихий учрашувлари ва маънавий ўзаро бойитиш макони бўлиб келгани, ўзининг Буюк ипак йўлидаги марказий мақоми туфайли бу минтақа халқаро савдо, маданий, илмий ва интеллектуал алмашувдаги муҳим бўғин бўлиб хизмат қилгани, Марказий Осиёнинг ушбу улкан тамаддун ҳиссасини жаҳон маданиятида ва фанда ривожлантиришда Ўзбекистоннинг ҳам алоҳида ўрни мавжуд эканлиги тадқиқ этилган.
Шунингдек, тўпламдан ўрин олган илмий мақолаларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясидаги нутқида илгари сурган 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё – жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” халқаро форумини ўтказиш тўғрисидаги ташаббуси Марказий Осиё давлатлари ўртасида яхши қўшничилик алоқаларини янада ривожлантиришга, Марказий Осиёда амалга оширилаётган маданий-тарихий меросни тиклаш ва оммалаштириш бўйича чора-тадбирларга жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини жалб этишга имконият яратиш билан бир қаторда, ЮНЕСКО ва минтақа давлатлари ўртасидаги маданий дипломатия тараққиётига ҳам хизмат қилиши кенг ёритиб берилган.
Маъмурахон Алишерхўжаева,
Тошкент давлат шарқшунослик
университети ҳузуридаги
Шарқ маданияти ва меросини
тадқиқ этиш илмий тадқиқот
маркази илмий ходими.