Марказий Осиё хабарлари
Марказий Осиё стратегик жойлашуви ва бошқа кўплаб имкониятлари сабабли доимо халқаро жамоатчилик диққати марказида бўлиб келган. Шу боис ҳудудда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар кўпчилик учун қизиқ. ЎзА одатга кўра минтақамизда шу кунларда кузатилаётган муҳим янгиликлар ҳақида маълумот тўплади.
Қирғизистон чет элликлар учун яшаш рухсатномаси олиш тартибини соддалаштирмоқчи
“Kazinform” хабар беришича, Қирғизистон ташқи миграция тўғрисидаги қонунга қоғозбозликка асосланган тўсиқларни бартараф этиш, чет элликларнинг яшаш учун рухсат олиш вақтини қисқартиришга қаратилган ўзгариш киритишни таклиф қилмоқда. Тегишли қонун лойиҳаси аллақачон жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган.
Масалан, айни жараёнда иммигрант мақомини олиш, шунингдек ариза берувчи Қирғизистонда камида олти ой яшаши талабини бекор қилиш режалаштирилган. Бундан ташқари энди чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ваколатли давлат идорасига хабар бермасдан Қирғиз Республикасидан ташқарида бир йилдан ортиқ қолса, яшаш рухсатномаси бекор қилиниши мумкин. Бундай ҳужжатни расмийлаштириш “Ягона дарча” тизимига ўтказилади.
Тожикистонда IT мутахассислари иш ҳақи оширилади
Тожикистон IT мутахассислари учун янги рағбатлантириш тизимини жорий этади, деб хабар бермоқда “Ховар” агентлиги.
Президент Эмомали Раҳмон замонавий технологиялар ва инсон капиталини ривожлантириш, мамлакат ҳаётининг барча соҳаларини рақамлаштиришга қаратилган “Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ходимларнинг иш ҳақи ва иш ҳақига қўшимча тўловларни тартибга солиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Ҳужжат мамлакат раҳбариятининг рақамли иқтисодиётга ўтиш ва “Тожикистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган миллий ривожланиш стратегиясини” амалга ошириш сиёсатини давом эттиради.
Ушбу ташаббус мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлаш учун ҳуқуқий ва молиявий асос яратади ва халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда IT мутахассисларини рағбатлантириш тизимини сезиларли даражада ўзгартиради.
IT мутахассислари учун янги рағбатлантириш тизими нафақат иш стажи, балки профессионал малака ва халқаро сертификатлашга ҳам боғлиқ бўлади. Бу электрон ҳукуматни ривожлантириш ва мамлакатда ахборот хавфсизлигига эришиш учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Таъкидланишича, оширилган иш ҳақи тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.
Қозоғистон аҳолисининг янги маълумотлари эълон қилинди
Қозоғистон аҳолиси 2026 йил 1 апрель ҳолатига кўра 20 547 909 кишига етди. Йил бошидан бери бу кўрсаткич 48 087 кишига ўсди. Бу 0,23 фоизлик суръатни англатади, деб ёзган “Kazinform” агентлиги.
Миллий статистика бюроси маълумотига кўра, аҳоли табиий ўсиши 42 879, соф миграция 5 208 кишини ташкил этди.
Энг сезиларли ўсиш кузатилган, 52 840 кишига кўпайган шаҳарларда ҳозир 13 137 950 одам яшаяпти: мусбат суръат 0,4 фоиз. Бу республика бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори. Ўсиш туғилиш даражаси, бошқа минтақа ва мамлакатлардан келаётган одамлар оқими билан боғлиқ.
4 753 кишига камайган қишлоқ аҳолиси 7 409 959 кишини ташкил этди. Табиий ўсиш 16 816. Шунга қарамай, 21 569 нафар сезиларли даражадаги манфий миграция оқими қишлоқ аҳолисининг умумий камайишига олиб келган.
Миграция жараёнида ҳам минтақавий тафовут кўринади. Жадал чиқиш оқими Туркистон ва Жамбил вилоятларида кузатилган, энг кўп кириш оқими эса Остонада қайд этилган: 18 000 дан зиёд.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 март ҳолатида Қозоғистон аҳолиси 20 532 240 киши эди.
Туркманистон ва АҚШ ҳамкорликни кенгайтиради
Туркманистоннинг АҚШдаги элчихонаси хабарига кўра, АҚШ билан асосий соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболи муҳокама қилинган.
Элчи Давлат департаментида Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича Давлат котиби ёрдамчиси Пол Капур билан суҳбатлашган.
Учрашув давомида томонлар мавжуд алоқаларни ривожлантириш билан боғлиқ кенг кўламли масалаларни таҳлил этган.
Гўзал Сатторова, ЎзА